Спорт | 17:56 / 21.12.2016
18805
4 дақиқада ўқилади

Мевалар учун мўлжалланган саватдан то миллионлар ўйинигача: Баскетбол 125 ёшда!

Фото: TACC

125 йил аввал, 1891 йилнинг 21 декабрида тарихдаги биринчи баскетбол ўйини бўлиб ўтди. Ўйин муаллифи Спрингфилд шаҳридаги (Массачусетс штати) YMCA Халқаро ёшлар коллежи ўқувчиларининг гимнастика дарсига ранг-баранглик олиб киришга қарор қилган педагог Жеймс Нейсмит ҳисобланади. Илк баскетбол ўйинида 9 кишилик икки жамоа қатнашган, ўйин 1:0 ҳисобида тугаган. ТАСС баскетболнинг ривожланиш йўлини кузатиб, спортнинг бу тури ҳақида бир қатор маълумот берди. 

Баскетбол қоидалари

Нейсмит томонидан тузилган илк баскетбол қоидалари 1892 йилнинг 15 январида чоп этилган. Қоидалар баскетболнинг замонавий қоидаларидан анча йироқ 13 пунктдан иборат бўлган. 1893 йилда мевалар солинадиган сават тўрли темир саватга алмаштирилган. 
1984 йилда баскетболнинг биринчи расмий қоидалари жорий қилинган. 1895 йилда ўйинга жарима тўпи киритиш ва саватни тахтага маҳкамлашга қарор қилинган. Шу йилнинг ўзида баскетбол бўйича биринчи расмий мусобақалар бўлиб ўтган. 
1897 йилда ҳар бир жамоада ўйнайдиган ўйинчилар сони 5 киши билан чеклаб қўйилган. 
1936 йилда баскетболда 3 сония қоидаси жорий қилинган. Унга кўра, ҳужум қилаётган жамоа ўйинчисига рақиб савати остида 3 сониядан ортиқ қолиш тақиқланган. Ўйин қоидаси бузилган тақдирда тўп ҳимояланаётган жамоага ўтиши керак бўлган. 

Халқаро мусобақалар

1932 йилда Халқаро баскетбол федерацияси (FIBA)ташкил этилди. 3 йилдан сўнг унинг шафелиги остида биринчи йирик мусобақа - Европа чемпионати ўтказилди. Ўшанда Латвия терма жамоаси турнир ғолиби бўлганди. 
1936 йилда баскетбол Олимпия ўйинлари сафига қўшилди. Биринчи Олимпия чемпионлари америкаликлар бўлишди, кумуш медаль - канадаликлар, бронза эса Мексика жамоасига топширилди. 
1938 йилда аёллар ўртасида биринчи Европа чемпионати ўтказилди. Унда Италия терма жамоаси ғалаба қозонди. Иккинчи ўрин - Литва вакиллари, бронза эса Польша жамоаси томонидан забт этилди. 
1950 йилда илк жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Турнир Аргентинада ўтказилди. Финалда чемпионат эгалари АҚШ терма жамоасини мағлуб этди. Аёллар ўртасида жаҳон биринчилиги 1953 йилда ўтказилди. Унда финалда Чили жамоасини мағлуб қилган америкаликлар ғолиб бўлишди. 
1972 йилда АҚШ терма жамоасининг Олимпия ўйинларидаги ғалабалар сериясига чек қўйилди. Уларни мағлуб қилишга СССР терма жамоасигина муваффақ бўлган. 
1976 йилда Монреалдаги Олимпия ўйинларида илк марта аёллар орасида баскетбол бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Бу мусобақаларда биринчи олтин медални совет иттифоқи баскетболчилари қўлга киритишган. Улар финалда АҚШ жамоасини мағлуб этишган. Бронза эса Болгарияга топширилган. 

Баскетбол бўйича халқаро мукофотлар

1959 йилда Жеймс Нейсмит номидаги Шон-шараф зали тузилган. Унга баскетбол ривожига катта ҳисса қўшган ўйинчилар, мураббийлар ва амалдорлар киритилади. 
1992 йилда Шон-шараф залига биринчи марта америкалик бўлмаган ўйинчи қўшилган. Бу 1972 йилдаги ўйинлардаги олтин тўп муаллифи бўлган Александр Белов эди. Кейинчалик унга мураббийлар Александр Гомельский (1995 йил) ва Лидия Алексеева (2012 йил) қўшилган. 
2007 йилда Испаниянинг Алькобендас шаҳрида баскетбол федерациясининг Шон-шараф зали очилган. Унга тўрт хил тоифа кишилар кирган: ўйинчилар, мураббийлар, судьялар ва амалдорлар. Янги аъзоларни қабул қилиш икки йилда бир марта амалга оширилади. 

 

Мавзуга оид