Жаҳон | 20:07 / 22.12.2016
10391
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти Қирғизистонга расмий ташриф билан келди

Эрон Ислом республикаси президенти Ҳасан Руҳоний Қирғизистонга расмий ташриф билан келди. Уни Бишкекдаги аэропортда Алмазбек Атамбаев кутиб олган.

23 декабрь куни Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев ва Эрон президенти ўртасида тор ва кенг доираларда учрашувлар ўтказилади.

«Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий миқёсдаги долзарб масалаларни муҳокама этишади. Шунингдек, учрашувда Эрон ва Қирғизистоннинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари хусусида гаплашилади. Ташриф давомида қўшма ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Ташриф якунида икки сиёсатчи матбуот учун баёнот билан чиқади. Бундан ташқари, Эрон президенти Қирғизистон Республикаси Сооронбай Жээнбеков билан учрашиб, Қирғизистон-Эрон бизнес-форумида иштирок этади», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Алмазбек Атамбаев 24 декабрь куни Ўзбекистонга келади.

Кун аввалида Қирғизистон президенти девони раҳбари ўринбосари, ташқи сиёсат бўлими мудири Сапар Исаков Атамбаев Самарқандга бориб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиши ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтириши ҳақида маълум қилганди. Атамбаев Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан тор ва кенг доирадаги музокаралар ўтказиши айтилган.

Мавзуга оид