Жаҳон | 08:20 / 26.12.2016
14301
2 дақиқада ўқилади

Машҳур қўшиқчи Жорж Майкл вафот этди

Фото: Google image

Британиялик қўшиқчи Жорж Майкл 54 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда BBC News хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, қўшиқчи Буюк Британиядаги уйида оламдан ўтган. Буни маҳаллий полиция ҳам тасдиқлади. Ўлим сабаблари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Полициячилар маълумотига кўра, ҳеч қандай шубҳали ҳолатлар аниқланмаган.

«Катта қайғу билан шуни маълум қиламизки, бизнинг севимли ўғлимиз, акамиз ва дўстимиз Жорж ўз уйида Рождество вақтида вафот этди», - дейилади қўшиқчи яқинларининг баёнотида.

Маълумот учун, Жорж Майкл 2011 йилда зотилжам касаллиги билан касалхонага ётқизилган. Ўшанда унинг ҳаёти жиддий хавф остида экани хабар қилинганди.

Жорж Майкл (ҳақиқий исми — Йоргос Кириакос Панайоту) Лондонда 1963 йилда туғилган. Мусиқий фаолиятини 1980-йилларда бошлаб, олтита яккахон альбомини тақдим этган.

Жорж Майкл учта «Грэмми» ва бешта MTV мукофоти соҳиби эди. Сўнгги– Symphonica альбоми 2014 йилда чиқарилди.

Мавзуга оид