Жамият | 22:12 / 09.01.2017
25493
5 дақиқада ўқилади

Жиноят ва жазо: Қимордан чиққан бало

Фото: Huffingtonpost.com

1994 йилда Янгиқўрғон туманида туғилган Жаҳонгир Саримсоқовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ота-онаси бошқалар қатори фарзандига улкан ниятлар боғлашганди. Бебошлигини шўхликка, қайсарлигини болаларча эркаликка йўйишди. Аммо унинг бу “хурмача қилиқ”лари газак олиб борар, қаерда тўрт одам бирлашиб кўнгил хушлашадиган бўлса, у ҳам ўша ерда ҳозир бўларди. Бу иш покни нопокми, тўғрими нотўғрими, охири нима билан тугайди, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмасди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Шомурод Тоҳиржонов эса салкам қирқ ёшда. Уч нафар қоракўзнинг отаси. Муқим бир жойда ишламайди.

Ўша пайтда у уйига ёндош бўлган жойдаги молхонада қоровул эди. Ўзига ўхшаган “ўйинқароқ”ларни йиғиб, кўнгилхушликлар, вақтичоғлик қилишга унда фурсат кўп бўлар, молхонани гўё “қиморхона”га айлантириб олганди.
Хуллас, жорий йил бошида, қишнинг айни совуқ кунларида содир бўлган ҳодисага ҳам ана шундай бемақсад ўтиришлардан бири сабаб бўлди.

Дастлаб 500 сўмдан ташлаб қарта ўйини билан даврани қизитган йигитларнинг кўнгиллари ичкилиб тусаб қолди. Ўртада спиртли ичимлик ҳозир бўлди. Учинчи шиша бўшаганда вазият кескинлаша бошлади. Йигитлар ўзаро гап талашиб, тортишиб кетишар, бир-бирининг ҳамиятига тегишдан зерикишмас, аксинча, ўзларини гўё “шер” деб билишарди.

Айни шундай бир пайтда йигитларнинг бирини оила аъзолари чақириб қолди, бири эса “ҳолванинг ҳам ози ширин” маъносида “бўлди қилларинг, етар” деди ва чиқиб кетди. 
Давранинг “кенжатойи” Жаҳонгир билан Шомурод эса талашиб-тортишиб ўйинни давом эттиришарди. Айниқса, Жаҳонгир “тоғни талқон қилиб юборгудек”, ўзидан қарийб йигирма ёш катта бўлган Шомуроднинг “ғирром”лигидан куюниб, жиғибийрон бўларди. “Сенинг ақлингни киритиб қўяман”, дерди ўзича ғудраниб.

-  Нима дединг, кимнинг ақлини киритиб қўясан? Сен шунақа ақллимисан ҳали?
-  Э-э, бўлди, бу ерда жанжаллашаверманглар! Тур, Жаҳонгир, ташқарига чиқ, тинчлик борми-йўқми ўзи сенинг дастингдан?!
Яна бир шеригининг унга қарши гапиргани Ж.Саримсоқовнинг бошига гурзи билан ургандан баттар бўлди. У аламини ичига ютиб, секин юриб ташқарига чиқиб кетди. Шу тобда ўз-ўзи билан овора бўлган ҳамроҳлар боланинг пичоқ олиб чиқиб кетганини ҳатто сезишмади ҳам.

Ж.Саримсоқов кўп кутмади. Унинг ортиданоқ қўзғалган шерикларининг бири у томон, бири бу томонга юрди. Ҳар қанча пана бўлмасин, йўл торлиги боис Олим Турғунов Жаҳонгирни кўриб қолди.

-  Ие, ҳали ҳам шу ердамисан, нега кетмадинг? – деди шошиб унга қараркан.
-  Шомурод акамдан кечирим сўрамоқчиман, шунга қайтиб келдим...
-  У кетди. Кеч бўлди, эртага кечирим сўрарсан, юр, кетдик...
-  Сиз бораверинг, мен ҳозир...

Тез-тез одимлаб кетган Жаҳонгирнинг ортидан бироз қараб турган Олим йўлида давом этди.

Ҳали уйига етиб улгурмаган Шомурод орқасидан биров келаётганини ё англади, ё англамади, бирдан кураги тагида нимадир жизиллагандек бўлди. Бехос оғриқдан юзи буришиб кетди. Шошиб ортига ўгирилди-ю, қўлида пичоқ билан турган Жаҳонгирни кўрди.

-  Эй, жинни бўлганмисан? Нима қилганинг бу?!

Унинг гапи тугамай яна бир жойига, кейин яна ва яна... пичоқ санчилаверди. Ўзини ўнглашга ҳаракат қилган Шомуроднинг кўз олди қоронғулашди. Жаҳонгирнинг эса энди кўзи очилгандай, қилиб қўйган ишининг нечоғли даҳшатли эканини энди англагандай қўлидан пичоқ тушиб кетди ва орқа-олдига қарамай қочди.

Дарвозаси олдига етиб келиб қолгани, аёлининг ухламай ўтиргани ва шовқинни сезиб югуриб чиққани Ш.Тоҳиржоновнинг жонига оро кирди. Ўз вақтида шифохонага етказиб келингани ва зудлик билан керакли муолажалар қилингани туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Жаҳонгир Саримсоқов суд томонидан етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ўз навбатида, Шомурод Тоҳиржонов ҳам қилмишига яраша жазога тортилди.

Мавзуга оид