Спорт | 12:48 / 11.01.2017
14163
6 дақиқада ўқилади

«Инфантино «карам шўрваси»:  ЖЧ иштирокчилари сонини оширилиши қанчалик тўғри?

Янги йилни ФИФАнинг янги президенти Жанни Инфантино ўзи режа қилган инқилоб билан бошлади. Кейинги ўн йилликнинг иккинчи мундиалидан бошлаб жаҳон чемпионати иштирокчилари сони 48тани ташкил қилади. Бу қарор юзасидан турлича фикрлар янграмоқда. Уни маъқуллаётганлар ҳам қарши чиқаётганларни ҳам учратишимиз мумкин. «Трибуна» бу инқилобий ўзгаришнинг яхши ва ёмон томонларини санаб ўтди.

Биринчи навбатда бу қарорнинг салбий томонлари ҳақида.

Формат

Битта мусобақани яхши савияда ўтказиш учун 48та савияга мос жамоани топиш мумкин. Бир қарашда Инфантинонинг «48 жамоа сайёрамизнинг 20 фоиз мамлакатларини ташкил қилиши» гапи билан ҳам буни оқлаш мумкин. Лекин танганинг иккинчи томони борки, бунча жамоанинг гуруҳларга тақсимлаш бўлади. ФИФАнинг янгилигига кўра, эндиликда гуруҳлар сони 16тани ташкил қилади. Бу яхши, кейинчалик олимпия тизимида (плей-офф) мусобақани давом эттириш учун мос келадиган формат. Аммо битта гуруҳда учта жамоанинг жой олиши мусобақанинг сифатига таъсир қилиши мумкин. Тушунтираман. Биринчидан, ҳар битта тур фақатгина битта учрашувдан иборат бўлади. Яъни жамоалар рақибнинг қай ҳолатда эканини билган ҳолда тўп суришади. Бу эса келишилган ўйинларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Мисол. А жамоа биринчи турда В жамоани 1:0 ҳисобида ютади. 2-турда С жамоа А жамоани 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратади. А жамоа мусобақани якунлаб бўлди. В ва С жамоа сўнгги турда ўзаро рўбарў келади ва мисол учун, В жамоа ва С жамоани 3:2 ҳисобида ютади. Тўплар нисбатини ҳисобга оласизми, ўзаро ўйинларми, исталган ҳолатда ҳам В ва С жамоалари кейинги босқичга йўл олади.

Албатта, бир қарашда гуруҳ ғолиблиги учун курашни ҳисобга олиб, ҳар бир жамоа бунга ҳаракат қилиши мумкин ва келишувлар бўлмайди, деган фикр ҳам янграши мумкин. Бироқ гап 1/8 финал эмас, яъни 1/16 финалга йўлланма, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, 32та жамоа иштирок этадиган босқичга чиқишади. Бу ерда бирданига ўта кучли жамоага тушиб қолиш имконияти истайсизми, йўқми пасаяди.

Иккинчидан, боя мисол тариқасида эслаган гуруҳимизда С жамоаси В гуруҳига ютқазган тақдирда ҳам барибир биринчи ўринни ўзида сақлаб қолади. Ўзаро ўйинлар кўрсаткичи мутлақо тенг бўлиб турганда тўплар нисбати уларга биринчи ўринни келтиради. С жамоа биринчи ўринни олиб қолиш шарти билан В  жамоани ҳам ўзи билан кейинги босқичга олиб чиқади. Тўғри, футболдаги ҳалол ўйин қоидаларига риоя қилмайдиган жамоалар кўп деган фикрдан йироқман. Буни ўзига эп кўрмайдиганлар жуда кўп. Ёки сўнгги турда учрашадиган С ва В жамоалари ўрнида ўта принципиал рақиблар ўзаро тўқнаш келиб қолиши ҳам мумкин. Лекин 16та гуруҳда ҳеч бўлмаса биттасида Швеция ва Данияга ўхшаш термалар сўнгги турда ўзаро ўйнаб қолиш эҳтимоли жуда юқори. 2004 йилги Европа чемпионатида Италия ва Антонио Кассанонинг кўз ёшлари эсингизда бўлса керак-а? УЕФА ўшанда Скандинавиянинг икки жамоаси кўрсатган томошадан бирорта ҳам шубҳали жиҳатни топа олмаганди. Энди тасаввур қилинг бундай, айтиш мумкин бўлган, қардош давлатлар қанча?

Сифат

Юқорида айтдик. 48та яхши савиядаги жамоани топиш мумкиндир. Лекин ФИФА бу ўринларни ҳар бир минтақа бўйича тақсимлаб чиқади. Нуфузли нашрлардан бири Sky Sports манбасига ишонадиган бўлсак, ФИФА йўлланмалар оширилишида биринчи навбатда Осиё ва Африка минтақаларида ўринлар сонини оширишга эътибор қаратмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, мазкур икки конфедерация қўшимча тўрттадан йўлланмага эга бўлади. Африкадан 9та, Осиёдан 8,5та жамоа иштирок этади. Сўнгги саралашга қараб баҳо берадиган бўлсак, Эфиопия, Буркино-Фасо, Иордания ёки Уммон терма жамоалари жаҳон чемпионатида иштирок этиши керак. Энди савол: Дунёнинг энг муносиб 48 жамоасига юқори номи саналган жамоаларни киритса бўладими? Йўқ. 32та энг кучлилар ҳам иштирок этмасдику, дейишингиз мумкин. Лекин 32та терма жамоа қатнашганда кучсизроқ/савиясизроқ жамоа нисбатан кам бўларди. Анча адолатли тақсимот бўлиши мумкин эди. Лекин 48та жамоа, боз устига юқорида эслаб ўтган тақсимот билан бунга эришиш қийин. Ўзбекистон терма жамоасининг қатнашиш имконияти ошганига қанчалик хурсанд бўлмайлик, «Скай»га ўхшаган нашрлар буни нормал баҳолай олишмайди ва қайсидир маънода улар ҳақ.

Ўзини оқламайдиган сабаб

Инфантино ЖЧ иштирокчилари сони ошишида биринчи навбатда телеаудиториянинг кенгайиши, мухтасар қилиб айтганда ФИФАга қўшимча 640 миллион евро даромад келтиришини таъкидлаганди. Лекин тажриба шуни кўрсатяптики, футболни пул билан тўлиқ ривожлантириб бўлмайди. Клуб бу бошқа масала, исталган мамлакатнинг кучли футболчиларини йиғиб, пул эвазига яхши, топ жамоа қилиш мумкиндир. Аммо терма жамоа бу алоҳида мавзу. Бутун мамлакат футболини ўстириш учун молиявий омилларнинг ўзигина етарли бўлмайди. Футбол майдондаги рақобатлардан кейин ўсади. Уммон – Ҳондурас терма жамоалари ЖЧда ўзаро ўйини билан футболни ривожлантириб бўлмайди. ФИФА ўша қўшимча топган пулини шартли Афғонистон ёки Танзания федерацияларига ёрдам пули сифатида берганида ҳам уларда футбол ўсиб рақобатбардош жамоа чиқиб қолмайди. Инфантино айтаётган пуллар эса футболни эмас, шунчаки ФИФАнинг ички ривожига, чўнтаги «қаппайишига» хизмат қилиши мумкин холос.

Мақолани ёзиш давомида бир неча марта айтган фикрларимга тескари фикрлар ўзимга тўғридек кўриниб қолди. Бошида жамоаларнинг сони 48тага оширилишини салбий томонлари кўпдек туюлганди. Энди ижобийлари ҳам етарличадек кўринмоқда. Бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз.

twitter.com/murodov_

Мавзуга оид