Ўзбекистон | 18:41 / 16.01.2017
12339
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек яқинида «Боинг 747» юк самолёти ҳалокат учрагани муносабати билан Қирғизистон президентига ҳамдардлик билдирди. Ҳамдардлик матни Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати сайтида келтирилган.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга «Боинг 747» юк самолёти фалокатга учраб, кўплаб инсонлар, жумладан, болалар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди", дейилган унда.

16 январь куни тонгида Бишкекнинг «Манас» аэропортидан бир неча километр масофада жойлашган «Дача» қўрғонига Туркиянинг MyCargo Airlines авиакомпаниясига тегишли юк ташувчи «Боинг 747» русумли самолёти қулаб тушди.

Самолёт қулагач, қўрғондаги 32та уй вайрон бўлиб, унда ухлаётган кишилар ёниб кетган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган.

17 январь Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинган.

Мавзуга оид