Light | 16:22 / 30.01.2017
13184
8 дақиқада ўқилади

Уоррен Баффетт ва унинг давлатига оид 24 факт

Уоррен Баффеттнинг давлати 70 миллиард доллардан ортиққа баҳоланади ва дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида қадрдон дўсти Билл Гейтсдан кейин иккинчи ўринда қайд этилади.  

Баффеттни ёшлигидан таниган инсонлар унинг муваффақиятидан ажабланишмайди: у 11 ёшиданоқ ўз пулларини ақл билан акцияларга сафарбар эта бошлаган, 16 ёшида эса бугунги кундаги 53 минг долларга тенг суммани ишлаб топган. InsiderPro нашри у ҳақидаги 24 фактни тўплаб тақдим этди. 

Уорреннинг синфдошлари спорт ёки Ҳолливуд юлдузи бўлишни орзу қилган бир пайтда 10 ёшли Баффет Нью-Йорк фонд биржаси вакили билан тушлик қилган ва ўз келажагини режалаштирган. 

Унинг афсонавий карьерасига 10 ёшида, отаси билан Нью-Йоркка қилган саёҳати туртки берган. 

Нью-Йорк фонд биржаси вакили билан ўтган тушлик Баффеттда ўз ҳаётини пул ишлашга бағишлаш истагини уйғотган. 

У ўзининг илк акцияларини 11 ёшида сотиб олган. 

Баффетт 38 доллардан Cities Service'нинг бир неча имтиёзли акцияларини қўлга киритган. 

Ўсмирлик даврида Баффетт ойига 175 доллардан топарди - бу катта ёшдагилар топадиган пулдан кўп. 

У бу пулларни Washington Post газетасини етказиб бериш кетидан топарди. 

16 ёшига бориб унинг капитали бугунги кунга ҳисоблаганда 53 минг долларни ташкил қилган. 

Газеталарни етказиб бериш у учун шаклланиш усулларидан бири эди. Ёш Баффетт ишлатилган гольф тўплари ва маркаларни сотар, машиналарни сайқаллаш билан шуғулланарди, пинбол автоматларга сармоя киритиб, югуриш йўлакчасини ажойиб ўйин майдонига айлантирар эди. 

Уни Ҳарвард бизнес мактабига қабул қилишмаган. 

Баф­феттнинг кириш суҳбатидан муваффақиятли ўтганига шу қадар ишончи комил эдики, ҳатто хайрлашаётиб дўстига "Ҳарвардда кўришгунча" деб айтган. 

"Мен 16 ёшдек кўринганим билан психологик жиҳатдан 9 ёшли боладек эдим", - дея хотирлайди у кейинчалик. Бошқа варинатларни излашга мажбур бўлган Баффетт ўз танловини Колумбия университетида тўхтатади. 

Кумири (Бенжамин Грэм) дастлаб уни ишга олишдан воз кечади. 

Баффетт ўз кумири - "Оқил инвестор" муаллифи Бенжамин Грэм билан ишлашни орзу қиларди. Бироқ у Уорренни рад этди, чунки у яҳудий эмасди (Грэм ўша пайтда Уолл-стритда иш топиш қийин бўлгани боис ўз фирмасига яҳудийларни қабул қиларди). 

Бироқ Баффетт ўз аҳдидан қайтмайди ва Грэмни таъқиб этишда, унга янги ғоялар беришда давом этаверади - ниҳоят Грэм "таслим бўлади" ва уни ишга олади. 

Баффетт Дейл Карнегининг нотиқлик санъати курсига 100 доллар сарфлайди. 

У 21 ёшда эди ва омма олдида чиқиш қилишдан қўрқарди. Бу охир-оқибат омадли инвестиция бўлиб чиқди, зеро нотиқлик санъати курси туфайли у ўзининг бўлғуси рафиқасига унга турмушга чиқишни таклиф қилган.

Баффетт Омахадаги (Небраска штати) беш ётоқхонали камтаргина уйда яшайди. Бу уйни 1956 йилда 31,5 минг долларга харид қилган. 

Агар сиз Баффеттнинг қўшниси бўлишни истасангиз, у ҳолда унинг тўғрисидаги уй 2,15 миллион долларга тушади. 

Баффеттнинг иш столида компьютер йўқ. Шунингдек у смартфон эмас, тахтлама-телефондан фойдаланади.

Китоб жавонида эса Жаҳон энциклопедиясининг барча томлари сақланади. 

Омахалик миллиардер ҳаётида фақат бир маротабагина электрон почтадан фойддаланган - у Microsoft'даги Жефф Райксга электрон мактуб йўллаган. 

Баффеттнинг замонавий технологиялардан йироқлиги унга бриж устида кўп вақтини ўтказишга имкон беради, у ҳафтада 12 соатини шунга бағишлайди. 

Унинг бриждаги доимий ҳамкори - қадрдон дўсти Билл Гейтс.

Баффетт 80 фоиз вақтини мутолаага ажратади. 

Баффетт бриж ўйнамаган пайтларида китоб ўқийди. "Мен шунчаки ўз идорамда ўтириб, кун бўйи китоб ўқийман", - дейди у. 

У ҳар куни жуда кўп Coca-Cola ичади. 

Миллиардер носоғлом овқатланишга бўлган қизиқиши билан ҳам машҳур. 

"Агар мен кунига 2700 калория истеъмол қилсам, уларнинг чорак қисми Coca-Cola'га тўғри келади. Мен бир кунда камида 12 банка (0,33 л) ичимлик ичаман", - дейди у. 

Шунингдек у овқатни шўр қилиб ейишни хуш кўради,  нонуштага эса кўпинча бир ликобча музқаймоқни паққос туширади. 

Баффетт 99 фоиз бойлигини 50 ёшдан кейин ишлаган.

Биржадаги барча инвесторлар орасида энг узоқ тарих Баффеттга тегишли - у бозор афсонасига айланган. 

Баф­фетт тарихда энг кўп бозорда турган инвестор ҳисобланади, у ҳатто Дэвид Эй­н­хорн ва Уо­л­тер Шлоссни ҳам ортда қолдирган. 

Агар сиз 1964 йилда (компания бошқаруви Баффеттга ўтган ва акция баҳоси атиги 19 доллар бўлган вақт) Berkshire Hathaway'га 1 минг доллар киритган бўлганингизда эди, бугун сиз 13 миллион долларлик бойликка эга бўлардингиз. 

Баффеттнинг молиявий аҳволи Уругвай ЯИМни ортда қолдиради. 2014 йилда Уругвай ЯИМ 57 471 277 325 долларга баҳоланган. 

Баффетт кам пул сарфлайди, лекин кўп хайрли ишлар қилади. 2010 йилда у Билл ва Мелинда Гейтслар билан "Ҳадя қилиш қасами" кампаниясини бошлади, у дунёнинг энг бадавлат кишиларини хайрияпарвар ишларга чорлайди. 

2016 йилнинг июнида ушбу кампанияга 154дан зиёд миллиардер қўшилди, Майкл Блумберг, Марк Цукерберг, Ларри Эллисон шулар жумласидандир. 

Баффетт ўз ҳаёти давомида шу қадар кўп хайрия қилганки, уларга 5 миллиард долларлик Apple Spaceship каби олти кампусни қуриш мумкин бўларди. 

Стив Жобснинг энг сўнгги лойиҳаларидан бири унинг футуристик Apple Campus'и ҳисобланади - ботиқ шиша панелли деворлар, ер ости тураргоҳи, тақдимотлар аудиторияси ҳамда серманзара табиат кўриниб турувчи кампус.

Баффет мазкур лойиҳага деярли 30 миллион доллар ажратган - бу Билл Гейтсдан кейинги энг  катта миқдордаги сумма.

2013 йилда Баффетт кунига ўртача 37 миллион доллар ишлаб топган - бу Женнифер Лоуренснинг бир йиллик даромадидан кўпроқ. 

Forbes маълумотларига кўра, 2013 йилда актриса Женнифер Лоуренс Ҳолливуднинг иккинчи энг кўп ҳақ (34 миллион доллар) тўланадиган актрисаси ҳисобланарди. Ўша йилнинг ўзида Баффетт кунига 37 миллиондан ишлаган. 

2016 йилнинг июлида Баффетт хайрия мақсадларида 2,9 миллиард доллар сарфлаб, ўз рекорди, шу жумладан Билл ва Мелинда Гейтс фонди ҳамда Сьюзен Томпсон Баффетт фондидан ҳам ўзиб кетди. Баффет ҳар йили миллиардлаб долларларни хайрияга сарфлайди. 

Чоп этилган маълумотларга кўра, мультимиллионернинг Berkshire Hathaway'даги иш ҳақи йилига атиги 100 минг долларни ташкил этади ва у бу пулларни тежаб ишлатади. 

Кўпчилик афсонавий Баффетт билан шу қадар танишгиси келадики, у билан шунчаки тушлик қилиш учун миллион долларлаб сарфлашга тайёр. 

2000 йилдан GLIDE Foundation фондининг хайрия тадбирида аукцион бўлиб ўтди, унда ғолиб бўлган инсон Баффет билан тушлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. 

Энг юқори нархни таклиф қилган киши стейксевар миллиардер билан Манхэттондаги Smith & Wollensky ресторанида тушлик қилиш учун яна етти кишини таклиф қилиш имконига эга бўлган. Сўнгги марта бундай тушлик баҳоси 3 456 789 долларни ташкил қилганди. 

Баффетт муваффақият пул билан ўлчанади деб ҳисобламайди. "Мен учун муваффақият - атрофимдагиларнинг муҳаббати. Агар сизни севишларини истасангиз, муҳаббатга муносиб инсон бўлишингиз даркор".

Мавзуга оид