Ўзбекистон | 15:31 / 06.02.2017
11355
1 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Хоразм вилоятлари делегацияси Туркманистонга ташриф уюштирди

Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг топшириқларини амалга ошириш доирасида Бухоро ва Хоразм вилоятлари делегациялари 4—5 февраль кунлари Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Ташриф доирасида икки мамлакатнинг мазкур ҳудудлари маъмурий раҳбарлари, ишбилармон доиралари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида учрашув ҳамда музокаралар ўтказилди.

Томонлар қардош давлатлар ва халқлар ўртасида юқори даражадаги ишонч, ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларнинг шаклланишидан мамнун эканликларини изҳор этди.

Минтақалараро даражада тўғридан-тўғри ва қалин шерикчилик алоқалари, хусусан, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистон делегациясига Лебап ва Тошҳовуз вилоятларида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналари, маданий ёдгорликлар таништирилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрида Қирғизистон делегацияси Фарғона водийсига дўстлик сафарини амалга оширганди. Кейинроқ Ўзбекистон делегацияси ҳам Қирғизистоннинг жанубий ҳудудига борди.

Мавзуга оид