Спорт | 16:41 / 08.02.2017
30852
4 дақиқада ўқилади

Мухлис ноласи: «Ўйинни шарҳланг, жаноб шарҳловчи!»

Кеча, 7 февраль куни Осиё Чемпионлар лигасининг саралаш учрашуви доирасида Ўзбекистоннинг икки жамоаси ўз ўйинларини ўтказди. Ҳар икки учрашув ҳам ЎЗМТРК таркибидаги Sport ва UzHD телеканаллари орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди. Аммо ушбу трансляциялар вақтида ўйинларни шарҳлаб борган шарҳловчиларга ўйин вақтида ҳам, ўйиндан кейин ҳам қаттиқ эътирозлар янгради. Ижтимоий тармоқларда бу икки ўйин шарҳи энг кўп муҳокама қилинди. Шундай эътирозлардан бири Kun.Uz таҳририятига келиб тушди.

Қуйида ушбу эътироз маъносида ёзилган мурожаат сайт ўқувчиларига тақдим этилади.

Ассалому алайкум, ҳурматли Kun.Uz ва Tribuna.Uz сайти ижодкорлари! Очиғини айтсам, кимга мурожаат этишни билмадим, дардимни ким эшитаркин деган умидда ахийри сизларга ёзишга қарор қилдим. Зора айтмоқчи бўлганларим сизга маъқул келиб, бу хат сайтда эълон қилинса. Шу орқали Sport канали мутасаддиларига гапларимиз етиб борса...

Бугун (хат 7 февраль куни кечки пайт Kun.Uz таҳририяти э-почтасига келиб тушган) Sport телеканали орқали ОЧЛ саралаш босқичининг «Насаф» иштирокидаги ўйини намойиш қилинди. Хурсанд бўлиб ўйинни кўрамиз деганимизда, хафсаламиз пир бўлди. Жамоамиз қайд этган натижадангина эмас, ўйинни шарҳлаган шарҳловчининг ўзи кайфиятимизни расво қилиш учун етарли бўлди.

Учрашувни шарҳлаш учун «Насаф» дарвозабони Элдор Суюнов ҳам чақирилибди. Албатта, бу яхши. Чунки футболни ичидан билган, унинг иштирокчиси бўлган одам билан шарҳни қизиқарлироқ қилиш мумкин. Бироқ шу куни ўйинни шарҳлаган (очиғи кимлигини ҳам билмайман, Спорт каналида «воҳ» деб эслаб қоладиган тайинли шарҳловчи ҳам қолмаган, афсуски) шарҳловчими, сухандонми, фарқлашнинг иложи бўлмади, кимса шу қадар кўнгилни хира қилдики, телевизорнинг овозини ўчириб, радиони ёқиб қўйган ҳолда ўйинни эшитишга тўғри келди. Менимча, шу куни шарҳловчи кўпчиликнинг қон босимини ошириб юборган...

Унинг ўйинни шарҳлаш пайтидаги хатоларини айтмай қўя қолай. Унинг биргина Элдор Суюновни шарҳга қўшмоқчи бўлган вазиятларини ўзини эсласам асабийлашяпман... «Насаф» ҳужум қилмоқда. Шарҳловчи эса Суюновга савол бермоқда. «Насаф» хавфли вазият яратяпти, у бўлса «Элдор, «Насаф» мавсумга қандай тайёргарлик кўрди», деб савол беряпти... Эй барака топгур, агар дарвозабонни интервью олишга чақирган бўлсанг, ўйиндан кейин қилса ҳам бўладику буни? Наҳот «Насаф»нинг ўзи кам сонли ҳужум бўлсаю, ўшани ҳам бир четга суриб, вазиятга алоқаси йўқ бўлган мавзуда гапириб ўтириш мумкин бўлса?

Биз XXI асрда, технологиялар ривожланган асрда яшамоқдамиз, ўйиндан олдинги маълумотлар, превьюларни интернет орқали ўқиб оламиз. Менимча, 90 фоиз одам худди шундай қилади. Бунақа аудиторияга ҳужум бўлаётганда, майдонда кураш кечаётганда, дарвозабондан қандай тайёргарлик кўрганини эшитимиз шарт эмас, менимча.

Ёзмай десам бўлмади. Бир пайтлари Ахбор Имомхўжаевдек шарҳловчиларни етиштириб берган ўзбек шарҳловчилик мактабида наҳотки бирорта муносиб шогирд етишиб чиқмай қолган бўлса?..

Шуҳрат, Фарғона вилояти

Мавзуга оид