Жамият | 09:57 / 10.02.2017
71591
5 дақиқада ўқилади

Жума кунининг одоби ва қилиниши зарур бўлган гўзал амаллар

Аллоҳ таоло яратган кунларнинг энг афзали жума кунидир. У куннинг улуғ фазилатлари бор бўлиб, қуйдагича суннат ва одобларга тақсимланади.

1) Ғусл қилиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Жума куни ғусл қилиш ҳар бир балоғатга етган кишининг бурчидир”.

 (Имом Бухорий (879) ривояти)

2) Покланиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким жума куни ғусл қилса, қўлидан келганича покланса, сочини ёғласа, уйидаги атирдан сепса, сўнг масжидага бориб, одамлар орасидан ҳатлаб ўтмаса, сўнг истаганича нафл ўқиса, сўнг имом хутба қилаётганида жим туриб тингласа, албатта, Аллоҳ таоло унинг келаси жумагача бўлган гуноҳларини кечиради”.

(Имом Бухорий (883) ривояти).

Бу муборак ҳадисда жума куни ғусл қилиш билан бирга покланиш ҳам зикр қилинди. Мазкур ҳадисда шундай таълим олишлик келиб чиқадики, ҳадисда зикр қилинган покланишдан мақсад фақат ғусл қилиш эмас, балки бошқа руҳий ва маънавий жиҳатдан келиб чиқадиган ишларни ҳам қилиш экан. Шунга биноан, жума куни аврат ва қўлтиқ тукларини тозалаш, тирноқларни олиш ҳамда мўйлабни қисқартириш жума кунининг одобларидан саналади.

Баъзилар покланиш ниятида жума куни соқолини ҳам қиртичлаб олади. Лекин бу жуда ҳам катта хато.

Шунингдек, айрим оёғи ҳидланадиган кишилар доимо, хусусан, жума куни имкон қадар шу ишнинг олдини олишга ҳаракат қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади; чунки масжидга борганда намозхондан ноқулай ҳидлар чиқмаслиги керак ва бошқа намозхонларни ҳам озорлантирмасликлари зарур.

3) Атир сепиш: жумага борганда одамларга турли хил ёқимсиз ҳидлар билан озор бермаслик учун атир сепиш шу куннинг суннатларидан саналади;

4) Энг чиройли кийимларни кийиш ва сочни ёғлаш: мусулмон киши жума намозига борганда фақат қалби эмас, балки ташқи кўринишлари ҳам гўзал бўлиши лозим. Шунинг учун жума намозига боришдан олдин энг чиройли кийимларини кийиши ва агар соч узун бўлса, соч учун ишлатиладиган махсус ёғлар ёрдамида уни тартибга келтириб олиш ҳам суннатдир;

5) Мисвок ишлатиш ёхуд тишни ювиш: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида, мен уларни ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишга буюрган бўлардим”, – деганлар.

(Имом Бухорий (887) ривояти);

6) Юқоридаги ҳадисда айтилган савобга эришиш учун масжидга боргандан сўнг одамлар орасидан ҳатлаб ўтмаслик кераклиги айтиб ўтилди. Чунки бу иш ўтирганларда сизга нисбатан нафрат уйғотади;

7) Каҳф сурасини ўқиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким жума куни Каҳф сурасини ўқиса келаси жумагача ундан нур таралиб туради”.

(Байҳақий “Сунанул кубро”да (5996) ривоят қилган, бу ҳадисни шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деган);

8) Кўп дуо қилиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жума куни шундай бир вақт борки, мусулмон киши шу вақтда намоз ўқиб, Аллоҳдан сўраб дуо қилиб турса, албатта, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради”, – деганлар ва қўллари билан бу вақтнинг жуда ҳам қисқалигига ишора қилганлар (Муслим (1926) ривояти).

Бироқ ҳадисда бу вақт қачон экани аниқ айтилмаган. Шу вақтга тўғри келиб қолиш ниятида жума куни вақтни ҳеч ҳам бекорчи нарсаларга сарфламай, доим дуода бўлиш мақсадга мувофиқ саналади;

9) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга имкон қадар кўп саловат айтиш: бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга жума куни кўп салавот айтинглар. Чунки менга ҳар жума умматимнинг менга айтган салавоти кўрсатилади. Ким менга кўп салавот айтган бўлса, (қиёматда) менга энг яқинлардан бўлади”, – деганлар.

(Байҳақий “Сунанул кубро”да (5791) ривоят қилган);

10) Бошқа кунлар қолиб, жума куни рўза тутмаслик: бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳеч ким жума куни рўза тутмасин. Бироқ ундан бир кун олдин ҳам ёки бир кун кейин ҳам рўза тутса унда мустаснодир”. (Бухорий (1985)

О. Расулов,
Марҳамат тумани фаолиятидаги
“Бозор боши” жомеъ масжиди имом-хатиби.

Мавзуга оид