Жаҳон | 16:02 / 14.02.2017
31509
5 дақиқада ўқилади

Можаро тафсилотлари: Алоқа узилди, Флинн биринчи қурбонми?

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майкл Флинн истеъфога чиқди. У истеъфо тўғрисидаги мактубида вице-президент Майкл Пенс ва Оқ уйнинг бошқа вакилларига Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан суҳбати ҳақида тўлиқ маълумот бермаганини тан олди. У Дональд Трамп ва Майкл Пенсдан узр сўраган.

Ўтган ойда ОАВ уни Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк билан ўтган йилнинг декабрида ўтказган учрашувида Россияга қарши санкцияларни муҳокама қилганликда айблади.

«Афсуски, воқеаларнинг тез ривожланиши сабабли АҚШнинг сайланган вице-президенти ва бошқаларга Россия элчиси билан телефон орқали суҳбатим ҳақида қасддан бўлмаган ҳолатда етарлича маълумот тақдим этмадим. Президент ва вице-президентдан бунинг учун узр сўрадим, улар буни қабул қилди», деган Флиннинг бугунги баёнотида.

Эндиликда унинг ўрнини истеъфодаги генерал-лейтенант Кит Келлог эгаллади.

Телефон мулоқоти
The Washington Post Флинн Трампнинг инауграция маросимига 1 ой вақт борлигида Россия элчиси Кисляк билан телефон орқали суҳбатида Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш масаласида гаплашгани эҳтимоли ҳақида ёзди.

Нашрдагилар унинг бундай мулоқотга киришиши Москва учун санкциялар келгусида юмшатилиши ёки бутунлай бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида ёлғон тасаввур уйғотишини тахмин қилишди.

Шунингдек, Флинн аввалига бундай суҳбат бўлиб ўтганини тан олмагани, кейинроқ унинг расмий вакили орқали «суҳбатда бу мавзу ҳам муҳокама қилинган бўлиши мумкинлиги»ни билдирганига урғу қаратилди.

Кремлдагилар ҳам ўз ўрнида «бу мулоқот бўлиб ўтгани», лекин «бошқа хабарлар рост эмаслиги»ни билдирди.

The Washington Post нашри Адлия вазирлигини собиқ раҳбари Салли Йейтснинг Оқ уйни огоҳлантиргани ҳақида ёзди. У президентнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн «Россия томонидан шантажга учраши мумкинлиги», Москва бу амалдорни бошқара олишини айтганди. Лекин Россия Трампнинг маслаҳатчисига қай восита билан таъсир ўтказиши аниқ айтилмади.

Нашр шунингдек, Барак Обама президентлигининг сўнгги кунларида АҚШ Миллий разведкаси директори Жеймс Клэппер, шунингдек, МРБнинг собиқ раҳбари Жон Бреннан Йейтснинг фикрини қўллаб-қувватлаётганини қайд этди. Газета манбалари талқинига кўра, Йетс, Клэппер ва Бреннан «Флинн келишув йўлига ўтиб, ўзини обрўсизлантирадиган вазиятда қолдириши»дан хавфсирашган.

Оқ уй ва Конгресснинг реакцияси
АҚШ президенти Дональд Трамп вазият оғирлашганидан хабар топгач, вице-президент билан бу масалани муҳокама қилган. Трампнинг катта маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэйнинг айтишича эса, президент «Флиннга тўла ишонишда» давом этган.

Сенатдаги Демократик озчилик етакчиси Чак Шумер Флиннга нисбатан текширув ўтказиш зарурлигини маълум қилди.

«Биз Флинн россияликлар элчиси ва бошқалар билан ўтказган муҳокамалар бўйича текширув ўтказилишини сўраймиз ва талаб қиламиз», — дея Шумернинг сўзларини келтирган The Hill.

«Биринчидан, биз Флинн Россия элчиси ва бошқалар билан нимани гаплашганини аниқлаш учун мустақил текширув ўтказилишини талаб этамиз. Иккинчидан, унинг текширув охирига қадар ишдан олиниши, агар унинг қонунчиликни ва этик тамойилларни бузгани аниқланса ишдан кетказилиши керак», — деганди Шумер матбуот анжуманида.

Бундан ташқари, Давлат департаментида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Том Шэннон 14 февраль куни РФнинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан учрашув ўтказилиши айтилган. Ушбу мулоқот Вашингтонда, ишчи тушлик форматида ўтказилади. Маросим матбуот учун ёпиқ бўлади. Учрашувда айнан қандай мавзу муҳокама қилиниши аниқ айтилмаган.

Муносабат
Пентагон содиқ ходими Майкл Малуфнинг фикрича, Майкл Флиннинг истеъфоси воқеаларнинг муваффақиятсиз ривожини англатади. У буни демократларнинг ғалабаси деб аташ мумкинлиги ҳақида гапирган.

«Бу ОАВ ва демократлар ғалабаси. Уларга жорий маъмурият ёқмаётганди, шунинг учун улар қўлларидан келган ишни қилишмоқда. Бу ҳали бошланиши», — дейди эксперт. У элита аввалдан Флиннга қарши бўлгани, унинг Россия ҳукумати таъсиридаги RT телеканалида таҳлилчи сифатида намоён бўлгани оловга ёғ сепган каби таъсир қилганини эслаб ўтган.

Бундан ташқари, Малуф Трамп ҳамиша Россия билан муносабатларни тиклаш тарафдори экани учун танқидга учраб келаётгани, матбуот эса унинг ўзи ёки маъмуриятидаги аъзоларнинг эҳтиётсизлигини кутиб яшаши ҳақида қайд этиб ўтган. Шу билан биргаликда, Флинн можароси АҚШ президентининг бу йўналишдаги режаларига таъсир кўрсатмаслигини қўшимча қилган.

«Трамп Путин билан яқинлашиш ниятида экани, у билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтган. Менимча у ҳеч нарсани ўзгартирмайди», — дея сўзини якунлаган у.

Рус элчиси билан гаплашган америкалик амалдор нега истеъфога чиқди?

Мавзуга оид