Жамият | 16:18 / 17.02.2017
51040
6 дақиқада ўқилади

Ислом ва мусулмонларсиз дунё аҳли нималарга эриша олмаган бўлар эди

Иллюстратив сурат

Сўнгги ўн йилларда, айтиш мумкинки, дунёнинг турли бурчаклари, айниқса, ғарб мамлакатларида мусулмонларни ёмон кўриш – исломофобия ҳолатлари кўп учрамоқда. Жамиятдаги бундай салбий кўринишлар тобора авж олиб бораяпти. Хусусан, давлат ҳукуматлари даражасида Ислом дини ва маданиятига хос бўлган айрим жиҳатларни қоралаш ёки танқид қилиш, ёхуд умуман тақиқлаш ҳоллари кучаймоқда. 

Мана масалан: Истанбулдаги навбатдаги теракт 38 кишининг умрига зомин бўлди; Мисрдаги жиҳодчилар 20 нафар копт насронийни ибодатхонанинг ўзида портлатди; Нигерияда 7-8 ёшдаги ҳудкуш қизлар бозорда ўзини портлатиб юборди, бунинг оқибатида 56 нафар маҳаллий насроний ҳаётдан кўз юмди… Сурия ҳукумати қадимги Пальмирани яна ИШИДга бой берди, энди бу шаҳар бутунлай вайрон этилади. 

Бу каби хабарлардан сўнг, мусулмонларнинг барчасини оқ-у қора демай баравар ёмон кўриш мумкин. Айниқса, насронийлар кўпчиликни ташкил этувчи мамлакатларда истиқомат қилган киши шундай хулосага келиши осон. Аммо, ҳақиқатдан ҳам дунё мусулмонларсиз янада яхшироқ бўлармиди? Бу саволга энг яхши жавобни Tumblr ижтимоий тармоғидан топдик.

Демак, агар дунёда мусулмонлар бўлмаганида дунё ҳаёти янада яхшироқ бўлади, деб ўйлаган кимса, билиб қўйсинки, унда камида қуйидагилар ҳам бўлмас эди: 

Қаҳва; фотокамералар; тажрибавий физика; шоҳмот; совун; шампунь; атирлар; косметика маҳсулотлари; суғориш тизими ва қишлоқ хўжалигидаги инқилоблар; ички ёнув двигатели, клапанлар ва поршенлар; кодли қулфлар; архитектура соҳасидаги инновациялар — жумладан, готик услубидаги соборлар, айлана миноралар, гумбазлар ва мозаикалар; турли хил жарроҳлик асбоб-ускуналари; оғриқсизлантирувчи воситалар; шамол тегирмонлари; патқалам; алгебра ва тригонометрия; замонавий криптология; хрустал бокаллар; гиламлар; ландшафт дизайни ва боғларнинг дам олиш учун муҳимлиги борасидаги тушунча; университетлар; замонавий оптика; оддий фуқаролар учун мусиқа; тиш чўткалари; денгиз компаси; алкоголсиз газли ичимликлар; Брайль шрифти; каллиграфия – ҳуснихат санъати; шиша; қоғозлар, харита, глобус, …

Ёруғлик (жумладан, қадимги греклар каби) одамлар ва бошқа буюмларда эмас, балки кўзимизда синишини англаган ва тушунган дунёдаги энг биринчи инсон мусулмон киши эди. Бу кашфиёт фотоаппарат пайдо бўлишига асос бўлди. Биринчи бўлиб мусулмон одам 852 йилдаёқ ўзиучар қурилмани ясашга уриниб кўрди. Бу ака-ука Райтлардан минг йил аввал амалга оширилганди. Иккала ҳолатда ҳам бир одам Жобир ибн Ҳайён ҳақида сўз бормоқда. Бу олим бугунги кунда замонавий кимё фани асосчиси ҳисобланади. Айнан у ҳеч кимга тушунарли бўлмаган «алкимё»ни замонавий кимё фанига айлантирди. 

У биринчи бўлиб, инсоният учун дистиллаш, фильтрлаш, оксидланиш, буғланиш кабиларни англади ва «кашф» қилди. Айнан Ҳайён олтингугуртли ва азотли кислота ҳақида маълумот берди. 

Яна бир Ислом олами олими Ал Жазарий робот техникаларининг асосчиси ҳисобланади. Ҳа айтганча, Генрих V (1413-1422 йилларда Англия қироли) қасрининг архитектори ҳам мусулмон бўлган. У бўлмаганида Европа архитектураси қай аҳволда бўлар эди, тахмин қилиш қийин?

Мусулмонлар Женнер ва Пастер дунёда биринчи бўлиб эмлашнинг фойдасини англаб, амалиётда қўллай бошлашган. Шу сабабли инсоният чечак каби даҳшатли касалликни мағлуб этди. Ғарб олами ушбу даволаш усулини шунчаки Туркиядан кўр-кўрона кўчирган. 

Мақолани ўқишга ёрдам бераётган компьютер, планшет ёки телефон ҳам мусулмонларсиз бўлмаслиги аниқ эди. Биринчидан, айнан Ислом олимлари алгебра (Ал Хоразмий – компьютер технологиясида қўлланиладиган алгоритм ибораси унинг лотинчадаги исмидир) ва тригонометрия асосчиларидир. Бу фанлар Европага Шарқда пайдо бўлганидан 300 йил ўтиб кириб келди. Иккинчидан Стив Жобснинг отаси ҳам асли келиб чиқиши суриялик мусулмон кишидир. 

Ниҳоят, Ернинг шар шаклида эканини мусулмонлар биринчи англашди. Улар буни Галилейдан 500 йил аввал билишди. Шу ўринда бир мулоҳаза: насронийлар Галилейни ихтироси учун ўтда куйдиришди.

Ҳа, бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Унда шубҳасизки, Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган дунёга машҳур олимлар ҳам борлиги кишини қувонтиради… Шундай экан, мусулмонлар истиқомат қилмайдиган дунёни террорчилардан холи тасаввур қилган кишига кўпроқ китоб мутоаала қилишни тавсия қилган бўлар эдик. 

Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг барчасини даҳшатли жиноятларда гумон қилиш ёки айблаш — бу норвегиялик террорчи Андерс Брейвик қилмиши учун ҳар қандай оқ танли европаликни айблаш ёки қора танлиларни улар қора танли бўлганлиги учун отиб ташлаётган америкалик полициячилар айбида бошқа америкалик оқ танлиларни ҳам айблаш билан баробардир. Бугунги дунёда 1,5 млрд мусулмон истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти эса, бошқа инсонлар каби яшашни истайди. 

Мавзуга оид