Фан-техника | 19:10 / 02.03.2017
7800
2 дақиқада ўқилади

Интернетда McLaren’нинг янги суперкари сурати пайдо бўлди

Интернетда McLaren компаниясининг янги суперкари расмий тасвири пайдо бўлди. Машина 720S деб номланади. Carscoops’нинг маълум қилишича, машинанинг илк суратини Bloomberg ахборот агентлиги чоп этган, бироқ кейинроқ сурат унинг сайтидан ўчириб ташланган.

Аввалроқ маълум қилингандек, McLaren 720S иккита твин-скролл турбинали 4 литрли V8 двигатели билан жиҳозланади. Двигателнинг қуввати 720 от кучини ташкил қилиши тахмин қилинмоқда. 

Британия компанияси суперкар жойидан 200 км/соат тезликка 7,8 сонияда тезлашиши, буундай тезликдан тўхташи учун 4,6 сония ёки 117 метр масофа талаб қилинишини маълум қилди. Бу кўрсаткич 650S суперкариникидан 6 метр камроқни ташкил қилади. 720S айнан 650S купесининг вориси бўлади.

Бундан ташқари, суперкар бошқарувчи электроникада махсус дрифт-режим, мотор бўлимини ёритиш тизими, айланиб турувчи асбоблар панели билан жиҳозланади. Асбоблар панелининг бир варианти ўзидан кенгайтирилган маълумотли катта дисплейни, иккинчиси эса фақатгина тахометр, спидометр ва танланган узатма кўрсатиладиган трек режими учун кичик экранни акс эттиради.

Машинанинг суратлари аввалроқ ҳам интернетда пайдо бўлганди. Жумладан, январда интернетда моделнинг ёпиқ намойишида олинган сурати пайдо бўлган. Бироқ бу сурат ташриф буюрувчилардан бири томонидан суратга олингани сабаб расмий эмасди.

Мавзуга оид