Light | 19:18 / 06.03.2017
35914
7 дақиқада ўқилади

108 нафар миллионердан пуллар, муваффақият ва ҳаёт ҳақида 9 сабоқ

Forbes шарҳловчиси Брендон Тернер 108 миллионер иштирокидаги уч кунлик конференциядан ўзи учун олган қимматли сабоқлари билан бўлишди.

Тасаввур қилинг, 108 нафар миллионер билан бир хонадасиз ва уч кун кетма-кет уларга истаган саволингизни беришингиз мумкин.

Улардан нималарни сўрардингиз?

Улардан нималарни ўрганишга ҳаракат қилардингиз?

Ўтган дам олиш кунлари мен худди шундай вазиятда қолдим ва бу ҳодиса менинг ҳаётимни тўлиқ ўзгартирди. Умид қиламанки, ўзим учун олган сабоқларим сизга ҳам ёрдам беради.

Яқинда мен GoBundance номи остидаги миллионер кишилардан иборат кичик гуруҳга қўшилдим - мен ўзимдан ақллироқ ва омадлироқ кишилар билан мулоқот қилгим келди.

"Агар сиз хонадаги энг ақлли инсон бўлсангиз, унда сиз ўзингизга керакли хонада эмассиз" - эҳтимол, бу ҳикматли сўзларни эшитгандирсиз. Мен ўзимдан ақллилар хонада бўлишга муваффақ бўлдим.

Қуйида ўзим учун олган сабоқларимдан бир неча маслаҳатлар билан бўлишаман:

1. Ўзингиздан ақллироқ кишилар билан мулоқот қилинг.

Мен ўн йил давомида кўчмас мулкка сармоя киритиб келганман. Бундан ташқари, iTunes'даги энг машҳур подкастлардан бирини бошқараман. Бироқ молиявий масалаларда атрофимдаги аксарият кишиларга нисбатан ҳеч нарса билмасдим ҳисоб.

Миллионерлар ўзлари учун қулай муҳит қидиришмайди - улар учун ўзларидан-да омадли ва моҳир ҳамсуҳбат топиш қизиқроқ.

  • Ўзингизни тартибга келтирмоқчимисиз? Қора белбоғ соҳиби ва уч каратэ мактаби эгасига мурожаат қилинг.
  • Сармоя жалб қилишни ўрганяпсизми? 100 миллион доллардан зиёд капитали бўлган венчур капиталистнинг олдига боринг.
  • Турмушингизда муаммолар пайдо бўлдими? У ҳолда турмуш қурганига 40 йилдан ошган инсонларгагина мурожаат қилинг.

Миллионерлар бирор янгиликни ўрганиш мумкин бўлган кишилар билан мулоқот қилишади.

2. Бойлик фақат пулдан иборат эмас.

Мен бу гапни мутлақо барча миллионерлардан эшитдим: бойлик фақат пулдан иборат эмас.

Мен иштирок этишга муваффақ бўлган суҳбатлар кўпинча пул ишлаш эмас, муносабатлар, саргузаштлар, фитнес ва хайрияга оид эди. Дўстим ва ҳамкасбим, кўчмас мулк сармоячиси Марк Уокер бу ғояни шакллантиришда ёрдам берди:

"Жуда бой бўлиш билан бир қаторда банкрот бўлиш ҳам мумкин - саломатлик, муносабатлар, ижтимоий ҳаётга қўшаётган ҳиссаси ва шахсий дунёқараш масалаларида".

Аксарият кишилар бадавлат кишиларга ҳавас билан қарайди, бироқ бу бойликнинг баҳоси қандай? Агар инсоннинг 10 миллион пули бўлса-ю, лекин фарзандларини деярли кўрмаса, унинг ҳаёти бошқаларга ўрнак бўла олармикан? Ушбу клуб иштирокчиларининг фикрича, йўқ.

Ҳаётда мувозанат муҳим аҳамиятга эга.

3. Одамларга ёрдам беринг ва эвазига ҳеч нима кутманг

Учрашув иштирокчилари билан суҳбатлашиб, қайта-қайта бир саволни эшитдим: “Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?”

Миллионерлар атрофдагилар уларга фойда келтиришдан кўра, ўзлари бировга фойда келтиришлари муҳимроқ эканини яхши тушунишади. Тадбирдан кейин мен турли соҳаларда фаолият юритувчи ишбилармонларнинг телефон рақамларига эга бўлдим ва ишончим комилки, истаган пайтимда уларга қўнғироқ қилиб ёрдам олишим мумкин.
Марҳум Зиг Зиглар айтганидек: “Агар одамларнинг эҳтиёжларини қондиришга ёрдам берсангиз, ҳаётдан истаган нарсангизни олишингиз мумкин”.

4. Ташаббусни қўлга олинг

Аксарият одамлар ҳаётда оқим бўйлаб ҳаракатланишади. Бошқача қилиб айтганда, улар доим ҳужум эмас, ҳимоя позициясини эгаллашади.

Бироқ, мен дам олиш кунлари учрашган миллионерлар бошқача йўл тутишади. Улар ташаббусни қўлга олиб, ўз келажакларини ўзлари белгилашади ва шу мақсадда ҳаракатланишади.

5. Кенг кўламда фикрланг

Ўтган йили мен икки уйимни сотдим ва бундан фахрланиб юрдим. Бироқ залда мен ўтган йилнинг ўзида 80та уйни сотган ва яна бир, 950та кўчмас мулк объектини харид қилган, яна бир, безгакка қарши  курашувчи янги технологияни ишлаб чиққан кишиларни учратдим.

Мен эса икки уй сотишни – катта ютуқ деб ўйлардим.

Бу кишилар орасида мен кенг кўламда фикрлай бошладим.

Мен кўчмас мулк сармоячиси сифатида янги ҳаёт бошлашга қарор қилдим. Мазкур тадбир якунига кўра, ўз олдимга янги мақсад қўйдим: жорий йилда 50 ёки ундан ҳам кўп мобил уйларни харид қилиш.

Сиз ҳам ўйлаб кўринг, эҳтимол, сизнинг ҳаётингизда ҳам 10 карра кўтариш мумкин бўлган имкониятларингиз бордир?

6. Бойлик сахийлик сари йўл очади

Болалик пайтимда мен миллионерларни хасис, фақат ўзини ўйловчи, тилла тангали сузиш ҳавзаларида дам олувчи кишилардек тасаввур қилардим. Бунинг учун Скруж Макдакка раҳмат.

Бироқ ҳақиқий ҳаёт сезиларли даражада фарқланади. Такрорлашдан чарчамайман: мен учратган инсонлар бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қилишарди. Тадбир давомида спикер билан шахсий тренинг ўтказиш ҳуқуқи учун кўплаб кимошди савдолари ўтказилиб, 100 минг доллардан зиёд хайрия пуллари тўпланди.

7. Соғлиқни пулларга сотиб олиб бўлмайди

Мен доим жисмоний тетикликни бир маромда ушлашга ҳаракат қиламан, бироқ тадбирдаги аксарият иштирокчилар олдида мен ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим.

Миллионерлар спорт билан шуғулланиш нақадар муҳимлигини яхши билишади. Улар тўғри овқатланиш ва фитнесга катта эътибор қаратишади ва кун тартибига риоя қилишади.

8. Ишбилармонликка болаликдан ўргатиш керак

Муваффақиятли одамлар ўз фарзандларини ҳам шунга ўргатишади.

Мен тадбир иштирокчиларининг фарзандлари бўлган 9 болани кўрдим – улар конференцияда футболкалар ва сувенирлар сотуви бизнесини йўлга қўйишди. Уларнинг барчаси уйига ўз қўллари билан топилган даромад билан кетди!

Болалар ўз товарларини улгуржи сотиб олиб, чакана савдо қилишди, даромаднинг бир қисмини хайрияга сарфлаб, шунда ҳам фойда кўришди. Ажойиб! Улар тадбиркорлик асосини тушуниб етишган.

9. Доим ўсиш учун имкон изланг

Мен тадбир бошловчисидан конференция давомида нимани кўпроқ хотирасида сақлаб қолганини сўрадим. У шундай жавоб берди:

“Бу катта муваффақиятга эришиб бўлган кишилардан иборат гуруҳдир. Улар бу ерга келиш учун нафақат вақт ва пулларини аяшмади, балки тадбир давомида катта қизиқиш билан янада ривожланиш учун янги имкониятларни излашди. Уларнинг камтарлиги, очиқлиги ва ўз ишига бўлган муҳаббати улкан ҳурматга лойиқ. Айнан шу сифатлари уларнинг келажакдаги улкан муваффаққиятлари гаровидир”.

Мавзуга оид