Ўзбекистон | 18:11 / 17.03.2017
47008
9 дақиқада ўқилади

19 март иш куними? Кун саволига ҳеч кимда жавоб йўқ

2017 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2017 йил 18 март шанба дам олиш кунини 2017 йил 20 март душанба кунига кўчириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Президент қарорида умумхалқ Наврўз байрамининг мамлакат маънавий ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

2017 йил 18 март шанба дам олиш куни 2017 йил 20 март душанба кунига кўчирилди ва иш куни деб ҳисобланди.

2017 йил 20 март душанба куни дам олиш куни деб эълон қилинди.

Мазкур қарор ҳақида интернет тармоқларида хабар тарқалгач, кўпчиликда душанба куни кимлар дам олиши бўйича саволлар пайдо бўлди.

Ўқувчилар сайт таҳририятига бу борада маълумот сўраб мурожаат қилишмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳам фойдаланувчилар бу борада ўз фикрларини билдиришмоқда. Унга кўра, 19 март, якшанба куни 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган учун иш куни ва таълим муассасаларида ўқиш кунлари деб эълон қилиниши мумкинлиги айтилган.

«Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 17 мартдаги иш вақтлари ҳажми бўйича маълумотда, 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар учун март ойида 25 кун иш куни бўлиши маълум қилинган. Бу дегани ёки якшанба, ёки душанба куни иш куни бўлади. Бироқ Президент қарорида душанба дам олиш куни деб эълон қилинганлиги сабабли, катта эҳтимол билан якшанба куни иш куни бўлса керак», дейилади жумладан.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги якшанба кунини ўқиш деб эълон қилиш ҳақида буйруқ тайёрлаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.

«Кун.uz» сайти бу ҳақда маълумот олишни истаб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, расмий маълумот олишни истади. Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги кун давомида қўнғироқларга жавоб қайтармади.

Халқ таълими вазирлиги эса жума куни тугаётган маҳалда бу борада лойиҳа тайёрланаётгани, аниқ маълумот тез орада бўлишини билдирди.

Меҳнат вазирлигидаги манба 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар 19 март куни дам олиб, 20 март куни, яъни президент томонидан дам олиш куни деб эълон қилган кунда ишлаши ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга у бу маълумотни расмий деб айта олмаслигини қўшимча қилди.

Бу масалани ўрганиб, жавоб топишга уринган ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиев xushnudbek.uz сайтида «20 март (душанба) дам олиш куни деб эълон қилинди: бу кимларга тааллуқли?» дея номланган мақоласини эълон қилди.

«Кўпчилик бу қарор ҳафтасига 6 иш кунида ишлайдиганлар учун тааллуқли эмас, дея фикрлашмоқда. Дастлаб қарор ҳақида эшитганимда ва ўқиганимда мен ҳам шунақа деб ўйлагандим. Аммо кейинроқ адашганимни маълум қилишди. Сабаби бу йилги қарорда олдингиларидан фарқ қиладиган томони бор экан. Келинг, ҳозирги мақоламизда шу ҳақида гаплашамиз ва қарорни биргаликда таҳлил қиламиз.

Аввало дам олиш кунини кўчириш ҳақида икки оғиз маълумот бермоқчи эдим. Байрам кунлари арафасида аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида дам олиш кунини кўчириш узоқ йиллардан буён мавжуд.

Агар тарихга назар ташласак, илк марта бундай қарор 1992 йилда чиққан эди. Ўшанда Мустақиллик кунининг 1 йиллиги байрам қилиниши муносабати билан дам олиш куни 1992 йил 29 август шанбадан 31 август душанба кунига кўчирилган эди.

Дам олиш кунлари билан боғлиқ асосан 3 хил кўринишдаги қарорлар қабул қилинади:
1.Алоҳида бир иш куни барча учун дам олиш куни деб эълон қилиш.
Бундай қарорлар камдан-кам чиқарилади, аммо чиққанда ҳам халқда катта қувонч билан кутиб олинади. Бундай қарорларга мисол қилиб, 2017 йил 2 январь (душанба) ёхуд 2015 йил 2 январь (жума) кунини дам олиш куни деб эълон қилингани келтириш мумкин.

2.Жума кунини дам олиш куни, якшанбани эса иш куни деб эълон қилиш.
Агар байрам куни ҳафтанинг пайшанба кунига тўғри келиб қолса, унда айрим ҳолатларда жума куни дам олиш деб эълон қилиниб, якшанба куни эса расман иш куни дея белгиланади. Масалан, 2016 йилда Мустақиллик байрами пайшанба кунига тўғри келгани сабабли, 4 сентябрь якшанба дам олиш куни 2016 йил 2 сентябрь жума кунига кўчирилган ҳамда 4 сентябрь якшанба куни иш куни деб эълон қилинган эди. Бундай кўчириш ҳолатларини 2009 йил 4 январь якшанба дам олиш куни 2009 йил 2 январь жумага кўчирилганида ёки 2002 йил 24 март якшанба дам олиш куни 22 март жумага кўчирилганида кўриш мумкин.

3.Душанба кунини дам олиш, шанба кунини иш куни деб эълон қилиш.
Агар байрам куни ҳафтанинг сешанба кунига тўғри келиб қолса, унда аксарият ҳолларда душанба куни дам олиш деб эълон қилиниб, шанба куни эса расман иш куни дея белгиланади. Дам олиш кунини кўчириш билан боғлиқ энг кўп тарқалган ҳолат айнан мана шу.

Бунга мисол қилиб, 2016 йил 8 март байрами сешанба кунига тўғри келганлиги сабабли 5 март шанба дам олиш куни 7 март душанба кунига, 2015 йил 8 декабрь арафасида эса 5 декабрь шанба дам олиш куни 2015 йил 7 декабрь душанба кунига кўчирилганини келтириш мумкин.

16 март куни имзоланган Президент қарори айнан 3-тоифага тааллуқли. Бунга кўра шанба дам олиш куни душанба кунига кўчирилди. Бироқ юқорида таъкидлаганимдек, кечаги қарорнинг олдингиларидан сезиларли фарқи мавжуд.

Қуйида шу мазмундаги иккала қарор матнини солиштирамиз:
2016 йил 5 март шанба дам олиш кунини 2016 йил 7 март душанба кунига кўчириш тўғрисида (12.02.2016)
Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш муносабати билан ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва иш вақтидан оқилона фойдаланиш мақсадида:
2016 йил 5 март шанба дам олиш куни 2016 йил 7 март душанба кунига кўчирилсин;
2016 йил 5 март шанба куни иш куни деб эълон қилинсин. 

2017 йил 18 март шанба дам олиш кунини 2017 йил 20 март душанба кунига кўчириш тўғрисида (16.03.2017)
Умумхалқ Наврўз байрамининг юртимиз маънавий ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
2017 йил 18 март шанба дам олиш куни 2017 йил 20 март душанба кунига кўчирилсин ва иш куни деб ҳисоблансин;
2017 йил 20 март душанба куни дам олиш куни деб эълон қилинсин. 

Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги қарорлар матни деярли бир хил мазмунда, бир қарашда фарқ йўқдек. Бироқ яхшилаб таҳлил қилинса, қарорларнинг оқибатидаги фарқни сезиш қийин эмас.

Аввалги қарорларда қайсидир бир куни “иш куни” дея эълон қилинар ҳамда шанба дам олиш кунини душанбага кўчириш билан чекланилар эди. Агар қайсидир ташкилотда шанба куни расман иш куни бўлса, унда мазкур қарор уларга татбиқ этилмасди. Шифокор ишига борарди, талаба ўқишига.

Энди кечаги қарорга эътибор қилсангиз, сўнгги бандида олдинги қарорлардан фарқли ўлароқ “20 март душанба куни дам олиш куни деб эълон қилинсин” деган жумла киритилган. Ва мазкур банд аҳолининг маълум бир тоифасигагина тааллуқли деган чеклов мавжуд эмас. Демак, хулоса қилиш мумкинки, 20 март душанба куни Республиканинг барча фуқароларига бирдек дам олиш куни сифатида белгиланди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Меҳнат кодекси 132-моддасига биноан ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.

Бу дегани айрим тармоқларда (масалан, банклар) гарчи дам олиш куни бўлса ҳам, ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб, расман иш куни дея эълон қилиниши мумкин. Ёки зарурият туфайли дам олиш кунлари навбатчиликда туриши лозим бўлган айрим ходимлар ҳам ишга жалб қилиниши мумкин.

Маълумот учун, Меҳнат кодексининг 157-моддасида иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган.

Мавзуга оид