Жаҳон | 20:49 / 30.03.2017
14457
2 дақиқада ўқилади

Ходорковский ҳаракати Россия президентига қарши акция ўтказмоқчи

Михаил Ходорковский бошчилигидаги "Открытая Россия" жамоатчилик ташкилоти Россия президенти Владимир Путинга қарши "Надоел" (Жонга тегдинг) умумроссия акцияси ўтказишини эълон қилди. Акция 29 апрелда ўтказилиши режалаштирилган. Акция ташкилотчиларининг айтишича, ҳозирда акцияни ўтказиш учун ариза берилмаган ва у ўтказиладиган шаҳарларнинг аниқ рўйхати тузилмаган. 

"Фақирона маош ва пенсияларга яшаш, егулик ва кийимда тежаш, коррупцияга тоқат қилиш ва телевизор орқали ёлғонни эшитиш, сифатсиз йўлларда юриш, бузилиб тушай деяётган поликлиникаларга бориш, суд ва полициянинг ўзбошимчалигига чидаш, ҳамма нарсадан қўрқиш жонимизга тегди", деб айтилган фейсбукда.

"Открытая Россия"даги манба ташкилот тадбирнинг шаклини ҳозирча ошкор қила олмаслигини айтган. Шу билан бирга у акция Алексей Навальнийнинг намойишларига ўхшаш бўлмаслигини айтди. 

26 март куни Россиянинг бир қатор шаҳарларида мухолифатчи Алексей Навальний тарафдорлари томонидан ташкиллаштирилган, коррупцияга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишлар иштирокчилари ҳукуматдан Коррупцияга қарши кураш жамғармасининг "У сизга Димон эмас" деб номланган фильмига муносабат билдиришини талаб қилишган. Фильмда Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан боғлиқ жамғармалар эгалик қиладиган кўчмас мулклар ҳақида сўз борган.

Бугунги кунда Ходорковский ҳаракатининг 12 та бўлими мавжуд бўлиб, улар Москва ва Москва вилоятида, Санкт-Петербург, Татаристон, Бошқирдистон, Чувашистон, Твер, Иркутск, Нижегородск, Владимир, Челябинск ва Ростов вилоятларида жойлашган. Таъкидланишича, 2017 йил март-апрель ойларида ҳаракат яна 6-8 та расмий ваколатхонага кенгаяди.

Мавзуга оид