ОАВ: Трамп собиқ маслаҳатчиси Россия бўйича иш юзасидан кўрсатма беришга тайёр
АҚШ президент Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн сайловларга “Россиянинг таъсири” борасида кўрсатма беришга тайёр. Бу ҳолат унга жиноий таъқибдан дахлсизлик тақдим этилса юз бериши мумкин, деб ёзади The Wall Street Journal газетаси вазиятдан хабардор манбаларга асосан.
Нашр маълумотига кўра, Флинн АҚШ вакиллар палатаси ва сенатнинг разведка бўйича қўмиталарини Трамп жамоасининг Россия билан алоқалари борасидаги суриштирувларига ёрдам бериши ҳақида хабардор этган.
Флинн Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан алоқаларга киргани ҳақида маълум бўлгач, ўз лавозимини тарк этганди. У бу ҳақда президент маъмуриятининг бошқа вакилларини хабардор этмаган.
Россия президенти Владимир Путин эса Москванинг Қўшма Штатлардаги сайлов жараёнига аралашгани ҳақидаги маълумотларни рад этганди.