Жаҳон | 19:01 / 06.04.2017
6584
2 дақиқада ўқилади

Кенжа Дональд Трамп Нью-Йорк штати губернаторлик сайловларида қатнашиши мумкин

АҚШ президентининг ўғли - 39 ёшли ишбилармон кенжа Дональд Трамп катта сиёсатга қўшилиш ниятида, у Нью-Йорк штатининг губернаторлик  сайловларида қатнашиш имконини ўрганмоқда. Бу ҳақида The New York Times (NYT) нашри хабар берди

"Кенжа Дональд бирор бир лавозимга ўз номзодини қўйиш истагини билдирган, масалан, Нью-Йорк штати губернаторлигига", - дейди нашр исмини ошкор қилишни истамаган манбасининг сўзларини етказар экан. 

Кенжа Трампнинг таниши унинг айнан қачон губернаторлик сайловларида қатнашмоқчи эканлигига аниқлик киритмаган. Бугунги кунда ушбу лавозимни банд қилган Эндрю Куомо 2018 йилги сайловларда ўз номзодини қайта тақдим этиш ниятида, бироқ яна бирор йиллардан сўнг унинг мамлакат президентлик сайловларида кураш олиб бормоқчи эканлиги ҳақидаги хабарлар ҳам бор. Нима бўлган тақдирда ҳам, "Дональд ҳозирнинг ўзидаёқ номзодини илгари сурмоқчи эмас, зеро ҳозир унинг эътибори тўлиқ Trump Organization бошқарувига қаратилган", - дея қўшимча қилди газета суҳбатдоши. 

АҚШ президентининг тўнғич ўғли Trump Organization оилавий компаниясининг вице-президенти лавозимида фаолият юритади, сайловлардаги ғалабасига қадар компания Дональд Трамп бошқаруви остида бўлган. 

Кенжа Дональд модель Ванесса Хейдон билан оила қурган ва у - 5 нафар фарзанднинг отаси.

Ўтган йилнинг июлида ишбилармон The Wall Street Journal (WSJ) газетасига берган интервьюсида келгусида отасининг изидан бориб, сиёсат билан шуғулланмоқчи экани ва ҳатто АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйиш истаги борлигини билдирган. 

Мавзуга оид