Жаҳон | 15:01 / 07.04.2017
21010
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Сурияга ҳужуми талофатлари ҳақида сўнгги маълумотлар берилди

АҚШ армиясининг Суриядаги авиабазага йўллаган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 7 нафар, яна шунча киши жароҳатланган. Бу ҳақда "Россия 24" (ВГТРК) телеканалида маълум қилинди.

"Хомс вилоятида қурбон бўлганлар сони ҳақида сўнгги маълумотлар берилди. Вилоят губернаторининг айтишича, 7 нафар ҳарбий ҳамда тинч аҳоли вакили бўлган икки киши ҳалок бўлган. Яна 7 киши оғир жароҳатлар олган", дейилган хабарда.

Манбанинг айтишича, авиабазада зарбалардан кейин юзага келган ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Шайрат аэродромига қанотли ракеталар орқали берилган зарбалар туфайли 7та самолёт йўқ қилинган. Шу билан бирга техниканинг асосий қисми, жумладан 5та қирувчи самолёт бутун қолган.

7 апрелга ўтар кечаси АҚШ президенти Дональд Трампнинг кўрсатмаси бўйича 59та "Томагавк" русумли қанотли ракетаси Ўрта Ер денгизи ҳудудидаги кемадан туриб Хомс вилоятидаги нишонга учирилди. Америкаликлар ушбу ҳужум бир неча кун олдин Идлибда кимёвий қурол қўлланганига жавобан амалга оширилганини билдиришди. Шунингдек, ушбу базадан Россия ҳам фойдалангани эҳтимоли мавжуд. Пентагондагилар ушбу ҳужум ҳақида Россия огоҳлантирилганини маълум қилишди.

Путин АҚШнинг Сурия базасига ҳужумини суверен давлатга қарши тажовуз деб ҳисоблади.

Ушбу ҳодисалардан кейин Россия АҚШ билан Сурияда мувофиқликда ҳаракатланиш бўйича меморандумни тўхтатган.

Мавзуга оид