Жаҳон | 18:55 / 09.04.2017
23891
2 дақиқада ўқилади

Путин Эрон президенти билан АҚШнинг ҳаракатларини муҳокама қилди

Россия президенти Владимир Путин Эрон раҳбари Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Кремль сайтида маълум қилинган.

«Томонлар Сурия масаласида фикрлар алмашишди. Икки томон ҳам АҚШнинг ҳаракатини суверен давлатга тажовуз сифатида баҳолашди ва бу халқаро ҳуқуқ нормалари бузилиши эканини қайд этишди», — дейилган хабарда.

Шунингдек, Путин Эрон етакчисига Санкт-Петербург метросида содир бўлган теракт муносабати билан билдирган таъзияси учун миннатдорчилик билдирди.

Бундан олдинроқ Сурия президенти Башар Асад Эрон президенти билан телефон орқали гаплашган ва АҚШнинг ракета ҳужумларини муҳокама қилганди.

4 апрель куни Суриянинг Идлиб вилоятида кимёвий ҳужум амалга оширилди ва унинг оқибатида 80 киши ҳалок бўлди.

Ушбу ҳужум учун жавобгарликни расмий Вашингтон Асад режими зиммасига юклади. 7 апрель куни АҚШ Қуролли кучлари Суриянинг Шайрат аэродромига «Томагавк» русумли қанотли ракеталарини йўллади. 

Москва томони ушбу ҳужумни «тажовуз акти» дея баҳолади ва АҚШ билан Сурияда кўзда тутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш ҳақидаги меморандум амалда бўлишини тўхтатди. Эрон бу ҳужумни қоралаган иккинчи давлат бўлди.

Мавзуга оид