Ўзбекистон | 15:49 / 11.04.2017
118827
11 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги кимдан нимани яширмоқда?

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги иккинчи ҳафтадирки, «Кун.uz» сайти диққат марказида бўлиб турибди. Лекин бу вазият футболдаги бир дарвозага ўйиндан фарқ қилаётгани йўқ.

Кейинги ҳафталарда рўй берган воқеалар бир қатор саволларни пайдо қилмоқда. Саволларни тинглашни ёки жавоб қайтаришни эса исташмаяпти. Бу воқеалар шундай шубҳалар уйғотмоқдаки, бу агентлик «енг ичида иш» қилган бўлиши мумкин.

Келинг, воқеалар занжирини эслаб ўтамиз. Айтиш мумкинки, занжир давомида кишилар эртаклардаги каби бир-биридан мураккаб тўсиқларга рўбару қилинишган.

Аввалига агентлик сайти ишламай қолди. Бу Бандликка рухсат бериш тизимининг корейс тилидан тест синовлари учун рўйхатга олиш жараёнида (27-28 март кунлари) рўй берди. 29-30 март кунлари эса иккинчи босқичда корейс тилидан онлайн савол-жавобда иштирок этиши белгиланганди. Лекин сайт ишламай қолди ва рўйхатга олиш ишлари ва имтиҳонлар қолдирилиб, 1-2-3 апрель кунлари ҳам давом этди. 

Биринчи тўсиқдан омон-эсон ўтган кишилар қаршисида энг мураккаб синов чиқди - тест синовлари бошланди. Қолаверса, иккинчи босқич учун янги қоидалар ишлаб чиқилди.

Бу жараёнга оид томошаларни сайтда нашр этилган «Ҳалима энам аллаларидан Аҳмад қачон ўлганигача. Кореяга ишчилар керакми ёки профессорлар?» номли материалда ёритилди.

Синов «Корейс тили бўйича тест саволлар» деб номланган бўлсада, Ўзбекистон ва Жаҳон тарихи, адабиёт, география, ҳуқуқшунослик, биология, физика ва кимё каби фанларидан саволлар аралаштирилиб, ўзбек тилида берилиб, жавоб вариантлари эса корейс тилида кўрсатилди. Бу саволлар бир-биридан мураккаб, бир-биридан мантиқсиз ва кулгили, чала-ярим ҳолатда бўлган ҳамда бундай тестни топширишнинг амалда иложи бўлмади.

Яъниким, агентлик расмий имтиҳонга 6000 кишини саралаб олиш учун мавжуд 100 мингга яқин номзоднинг асосий қисмидан «қутилиш» мақсадида имконидаги бор ишни қилди.

Натижада, биринчи босқичдан йиқилганлар ўртасида кескин норозилик кайфияти пайдо бўлди. Улар ижтимоий тармоқлар орқали вазиятни баён этиб, фикрларини билдира бошлашди. Бу оҳ-воҳлар ҳавога сингиб кетди, манзилига етиб бормади. Етиб борсада, эътибор қилинмади. Қолаверса, агентлик операторлари эса бундай қийин саволлар Жанубий Корея томонидан юборилганини рўкач қилиб жавоб қайтаришди.

Шундан сўнг, «Кун.uz» ишга аралашди. 2 апрель санасида сайтда «Жанубий Корея - қулфланган диёр. Миграция агентлигининг тўрт кунлик томошаси», «Ҳалима энам аллаларидан Аҳмад қачон ўлганигача. Кореяга ишчилар керакми ёки профессорлар?» номли мақолалар нашр этилди, сайт вакили миграция вакили билан гаплашди (аниқроғи, гаплашишга уринди) ва «Хорижга оми одамларни жўнатмаймиз». Миграция агентлиги вакилидан жавоблар» сарлавҳаси остида материал тайёрлади.

Бу эса, балки, бундай «қарши ҳужум»ни кутмаган агентликдагиларнинг «қимирлаб қолиши»га олиб келди. 3 апрель куниёқ агентлик ОАВни ўз биносига таклиф этди, матбуот анжумани ўтказилиб, вазият юзасидан изоҳлар берилди.

Матбуот анжуманида иштирок этган агентлик раҳбари Улуғбек Назаров турли ОАВ, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда тарқаган агентлик билан боғлиқ хабарларга ўз муносабатини билдирди ва улар юзасидан изоҳлар берди. 

У сайтнинг ишламай қолганини хакерлар ҳужуми эҳтимоли билан хаспўшламоқчи бўлди. Тест саволларининг мураккаблигини эса бу саволлар, яъни, хорижга ишлаш учун кетаётган кишиларга берилган, масалан, Туркистон тоғ тизмасининг қандай баландлигида арчазорлар учраши қабилидаги саволлар умумтаълим мактаблари, лицей ва коллеж дастурлари бўйича тузилган дарсликлардан олинган ҳолда агентлик вакиллари томонидан тузилганини айтди.

Матбуот анжуманида яна бир кулгили вазият рўй берди. Унда ҳозир бўлган агентлик вакилларидан бири бундай мураккабликлар яратиш орқали тестга олдиндан ёрдамчилар билан тайёрланган «фирибгарлар чув туширилгани» ҳақида айтди.

7 апрель куни эса Миграция агентлиги Кореяга бориш бўйича тест синовларида юзага келган муаммога якуний изоҳни берди.

Унда, жумладан, шундай дейилади: «Фуқароларнинг кўплаб мурожаатига сабаб бўлган «Ҳалима энам аллалари» шеърий тўплами муаллифи ким? Бу тўплам муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бўлиб, мазкур мавзу 8-синф учун мўлжалланган адабиёт дарслигида келтирилган».

Агентлик, мўғул хони Хитойда қачон ва қайси сулолага асос солгани ҳақидаги савол 7-синф учун мўлжалланган тарих фани мавзусига оидлигини таъкидлаб, бу маълумотни Кореяга ишга борувчи кишилар билмоғи керак, деб ҳисоблаган.

«1934 йилда Тунисда тузилган «Янги дастур» партияси раҳбари аслида қандай касб эгаси бўлган? Бу савол Жаҳон тарихи академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун ўқув қўлланмасидан олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган. Қўлланма муаллифлари У.Жўраев, М.Лафасов», — дея саволларнинг манбаси келтирилган шарҳда.

Агентлик бу тахлит ўзини ҳимоялаши комедик фильмлардаги каби кулгили эмасми?

Матбуот анжуманида ва ундан кейин берилган изоҳлар «Кун.uz» сайтини ҳамда унинг ўқувчиларини қониқтирмади. Зотан, унда асосий саволга асосли тушунтириш берилмади: Ишлаш учун йўл олган кишиларга ОЎЮларга кириш имтиҳонлари даражасидаги саволлар берилишининг боиси нима эди?

Шу туфайли, сайт Миграция агентлиги раҳбарияти билан махсус интервью уюштиришни истади. Бу борада раҳбарият билан олдиндан келишиб олинди, 5 апрель куни сайт журналисти ва оператори агентлик биносига йўл олди. Агентлик эса журналистни менсимаслигини очиқ намойиш этди. Журналист келишилган вақтда агентлик биносида ҳозир бўлгани ҳолида, Улуғбек Назаров хонасидан чиқиб келмади. Нашр вакилларини кўп вақт куттирганидан кейингина, гўёки «муҳим учрашув»дан чиқиб келган Назаров ёрдамчилари билан интервью беришга тайёрлигини маълум қилди.

Лекин, камера ва диктофон ёқилишидан олдин журналистдан қандай саволлар билан келганини сўраб, унинг қўлидан саволлар рўйхатини олди ва кўз югуртиргач, унинг юзи ўзгарди. У ёрдамчиларидан бири билан кўз уриштириб олгач, дарҳол имловни тушунган ёрдамчи унинг ёнига келиб, бошқа бир «муҳим учрашув» ёки «муҳим қўнғироқлашув» уни кутаётгани ҳақида хабардор этди. Шундан сўнг, ўрнидан кўтарилган Назаров журналист саволлари рўйхати ёзилган қоғозни ҳам олгунича, кутиб туришни сўраб, ичкарга йўналди. Шундан сўнг, сайт вакиллари уни кўришмади. Ҳолбуки, унинг қайтишини бир ярим соат давомида яна кутишганди.

Якунда эса ёрдамчи чиқиб келиб, интервьюни бошқа кунга қолдиришни илтимос қилди. Ўша кун эса келмаяпти.

Бу интервьюни ташкил қилиш учун кейинги уринишлар, таъсирли идоралардан бу борада ёрдам кўрсатишни сўраш беҳуда бўлди.

Имтиҳонлар ўтказилганига 10 кун бўлмоқдаки, одамлар умид қилишда давом этишмоқда. Уларнинг баъзилари ўзига навбат етиб келмаганини билдириб, қачон имтиҳон қилиниши ҳақида сўрамоқда.

Ўтказилган имтиҳон орқали 6 минг киши қандай саралангани сирлигича қолмоқда. Чунки, бундай синовдан 6 минг киши ўтгани ақлга сиғмайди. Сабаби саволлар шундай тузилган эдики, амалда бу саволларга бирон киши тўлиқ жавоб бера олгани ҳам гумон.

Корейс тилида энг юқори - 6 даражани олган кишилар ҳам сайтга қўнғироқ қилиб, ўша кунги имтиҳонларга «тиши ўтмагани» ҳақида айтган.

Сайтга бу борада саволларга жавоб олиб беришни, бу масалани текширишни сўраб қилинган мурожаатлар камайиб, аста-секин тўхтамоқда. Шу билан бирга ўқувчилар орасида «ишқилиб охири журналистларнинг ҳам оғзини мойлаб қўйишмаган бўлсин» қабилидаги фикрлар янграмоқда.

Ҳолат шундайки, имтиҳонлар шундай тартибсизлик билан ўтказилганки, бу имтиҳонлар қайтадан ўтказилиши керак эди.

Ҳолат шундайки, мавжуд масала ечими учун мустақил журналист суриштируви ўтказиш ва далиллар билан исботлашга зарурат мавжуд.

Ҳолат шундайки, бу масала эсдан чиқиб, ёпиқлиқ қозон ёпиқлиқича қолмоқда, мавзу ёпилмоқда.

Сайт бу масалага жиддий ёндашди, муаммо илдизини аниқлаш учун меҳнат қилди, ўз ўқувчиларига ёрдам беришни истади. Аммо, кўп эҳтимолки, бу ушбу мавзу бўйича охирги материалдир. Айни дамда сайт ходимларининг ҳеч бирида ушбу вазият бўйича ўзгариш рўй беришига умид қолмаган. Ишнинг «бўлари бўлиб, бўёғи синган». Агентлик «олти минг нафар профессор»ни танлаб олган.

Ҳолбуки, агентлик бу ўринда ўз айбини тан олиши керак эди. Имтиҳондан ўтганларнинг натижалари билан ўтмаганларнинг натижалари солиштирилиши, ўтганлардан камида беш нафари танлаб олиниб, яна қайтадан синаб кўрилиши ва шаффофлик таъминланиши керак эди. 

Агентликдагилар Корея Республикаси томонининг эътибори бу вазиятга қаратилиши, оқибатда катта миқдордаги маблағни маънавий зарар сифатида тўлашга тўғри келиши мумкинлигини ҳам ўйлаб кўрдимикин? Агентликдагилар ҳуқуқ тартибот идоралари бу масалага жиддий тарзда аралашиши мумкинлигини тасаввур қилишдимикин?

Агентликдагилар муаммонинг туб моҳиятини англаб етишармикин? Улар қўллаётган усуллар, одамлар устидан ўтказаётган тажриба ва технологиялари туфайли ҳам миллионлаб ўзбеклар агентлик орқали эмас, бошқа норасмий каналлар орқали хорижга чиқиши, натижада одам савдоси объектига айланиб, хўрликка рўпара бўлишини билишармикин?

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Кореянинг ўзида 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ноқонуний яшаб келмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг хориждаги нуфузи учун қайғурадиган ташкилотнинг мақсадларига қай даражада мос келаркин?

Модомики, агентлик билан юзма-юз гаплашиб бўлмас экан, саволлар кетидан саволлар туғилаверади.

Нега меҳнат миграция масалалари монополияси мавжуд? Бу кимнинг манфаати ва чўнтагига хизмат қилади?

Агентликнинг вазифаси ташқи меҳнат миграцияси учун умумий қоидаларни ва мувофиқлаштиришни яратиш бўлиши керак эмасми?

Агентлик қандай манбалардан қанча даромад кўрмоқда ва даромадининг қанча қисмини қаерларга сарфламоқда?

Нега меҳнат миграцияси билан қонуний ва лицензия асосида шуғулланувчи хўжалик субъектлари фаолиятига рухсат берилмайди?

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид