Фан-техника | 12:45 / 12.04.2017
7348
2 дақиқада ўқилади

Ноутбуклар ишлаб чиқарувчи машҳур компания ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин

Япониянинг Toshiba компанияси ўз ишини тўхтатиши мумкин. Бундан компания ҳисоботидаги маълумотлар дарак бермоқда

2016 йилнинг тўққиз ойи якунига кўра Toshiba соф зарари 4,8 млрд. долларни ташкил этди. 2017 йилнинг 31 март куни тугаган молия йили якунига кўра, компания 9,2 млрд. долларлик зарар кўриши мумкин.

Корпорация шунингдек ўз капитали салбий миқдорга тушиб кетгани ҳақида ҳам хабар берди. 2016 йилнинг 31 декабрь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич минус 2 млрд. долларни ташкил этган.

«Компания фаолиятини тўхтовсиз олиб боришида қатор ҳодисалар ва ҳолатлар тўсқинлик қилиши мумкин», - дейилади компания баёнотида.

Toshiba асосий муаммолари унинг Америкадаги бўлинмаси Westinghouse Electric’нинг банкрот бўлгани билан боғлиқ. Атом энергетикаси билан шуғулланувчи компания банкрот экани ҳақида 2017 йилнинг марти охирида маълум қилди. 

Toshiba ўзини қутқариш учун активлари маълум қисмини сотишга қарор қилди, улар орасида – микросхемалар ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам бор. Бу бизнесга эса Тайваннинг Foxconn компанияси қизиқиш билдирди.

The Wall Street Journal’нинг хабар беришича, Foxconn Toshiba’га чиплар ишлаб чиқариш бўлинмаси учун 27 млрд. доллар таклиф қилган.  Таъкидланишича, Foxconn худди шундай йўл билан Sharp устидан назоратни ҳам қўлга киритган. 

Нашр манбалари сўзларига кўра, Япония ҳукумати Toshiba япон ёки япон-америка компанияси билан шартнома имзолашини кутмоқда, сабаби микросхемалар ишлаб чиқиш билан боғлиқ бизнесни мамлакат учун стратегик муҳим, деб ҳисоблайди. 

 

Мавзуга оид