Спорт | 17:08 / 17.04.2017
10290
2 дақиқада ўқилади

Зиданнинг «Реал»да қолиши масаласи ҳал қилиб бўлинган

«Реал» жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан кейинги мавсумда ҳам жамоада қолади. Marca хабарига кўра, жамоа президенти Флорентино Перес янги мавсумда жамоа бош мураббийи ким бўлиши ҳақида бир қарорга келган.

Хабарда айтилишича, Перес бош мураббий Зинедин Зидан билан учрашиб, келаси мавсумда ҳам унга ишонч билдирилишини айтган. Яъни, жорий мавсум якунида натижалар қандай бўлишидан қатъи назар, Зидан «Реал»дан кетмайди.

Зидан 2016 йилнинг январида истеъфога чиқарилган Рафаэль Бенитес ўрнига шошилинч равишда тайинланганди. Ўтган вақт ичида унинг бошчилигидаги жамоа Чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди.

Унинг мадридликлар жамоаси билан амалдаги шартномаси 2018 йил июнига қадар тузилган, аммо ҳозирча томонлар шартнома муддатини узайтириш бўйича музокара бошламаган.

«Реал» айни вақтда Испания чемпионати турнир жадвалида захирада бир ўйин бор ҳолида энг яқин таъқибчиси «Барселона»ни 3 очколик фарқ билан ортда қолдирмоқда. Мадридликлар ЕЧЛнинг чорак финалида, жамоа «Бавария»га қарши биринчи учрашувни сафарда ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Зидан кейинги мавсум бўйича режа тузишни ҳам бошлаган. Хусусан, у ёзги трансферлар ва мавсум оралиғидаги ўртоқлик учрашувлари бўйича ишламоқда.

Мавзуга оид