Фан-техника | 14:38 / 18.04.2017
14454
10 дақиқада ўқилади

«Tesla’нинг совун кўпиги каттариб, қўрқинчли тус олмоқда»

Business Insider Tesla акцияларининг кескин ўсаётганлиги ҳақида.

Апрель ойи бошларида Tesla’нинг бозор капитализацияси General Motors капитализациясидан ҳам ошиб кетди ва 51 млрд. долларга етди. Бу 2016 йилнинг катта қисми мобайнида Tesla баҳоланиб турган нархдан 15 миллиард долларга, Ford баҳосидан эса 7 миллиард долларга кўпроқ.

Бунинг асосида айтарли ҳеч вақо йўқ, деб ёзади Business Insider. Чунки Tesla’нинг бизнес асоси ўтган йилнинг охиридан буён ўзгармаган. Шу йилнинг биринчи чорагида етказиб берилган машиналар сони бутун 2017 йил учун тус берган, бу эса 12 ой ичида компания 100 минг автомобиль ишлаб чиқаради, дегани — ўтган 2016 йилдагига нисбатан бор-йўғи 20 мингтага кўпроқ.

Яқинда рўй берган нархдаги сакрашларга сабаб қилиб, «шортистлар»ни (нархни туширувчи ўйинчилар) кўрсатиш мумкин, уларнинг асаби дош бермай, сотиб юборган акцияларини яна қайтадан сотиб ола бошлашган, деб ёзади журналистлар.

Business Insider: «Бу мантиқли тушунтириш, чунки Tesla акцияларини Wall Street’да доим «шорт» қилишади ва сўнгги пайтда нархни ерга урувчи ўйинчилар жиддий талофат кўришган. S3 Partners таҳлил фирмаси маълумотларига кўра, жорий йилда Tesla «шорт»ларида 3,2 миллиард доллар йўқотилган.

Бироқ Tesla’нинг қиймати унинг асосий бизнеси — қимматбаҳо электромобиллар яратиш ва сотиш ҳисобига ҳаддан зиёд юқори баҳолангани ва компания активлари бор-йўғи бир неча миллиард доллардан иборатлиги ҳисобга олинса, сармоядорлар учун Tesla келажагини баҳолашни қайта кўриб чиқиш мантиқли йўл бўлар эди». 

Айни пайтда, акциялар кескин ошаётган онда компаниянинг биринчи чоракдаги даромадлари компания қийматини янада рационал баҳолаш имконияти сифатида кўринмоқда. Бундан ташқари, бу ҳол янги сармоядорларни шундай аҳволга солиб қўядики, бунда уларнинг акциялари улуши хира тортиб қолади.

Лекин, нима бўлганда ҳам акциялар ўсишининг умумий динамикаси ижобий, компания акциялари нархи ҳар доим ўзгарувчан бўлган, дейишади экспертлар. Элон Маскнинг ўзи эса компания акцияларини «шорт» қилувчилар устидан мудом кулиб юради.

«Шортвиллда тўфондан огоҳлантириш»

Таҳликали ўсиш

Реал янгиликлар чиқмай турган бир шароитда ва комания жорий йилда тўқнаш келадиган кўплаб муаммолар ҳисобга олинса, Tesla баҳосининг шитоб билан ўсаётгани бозорда хавотир келтириб чиқармоқда.

Tesla акцияларида ўйин қиладиган «ҳўкизлар»нинг айтишича, Элон Маск компанияси келажакда General Motors ва Ford’дан ҳам каттароқ бўлишини башорат қилишмоқда, чунки электротранспорт ички ёнув двигатели билан ҳаракатланувчи транспортларни кейинги ўн йилликлар мобайнида сиқиб чиқариши аниқ, у вақтга келиб Tesla энг йирик бренд сифатида катта устунликка эга бўлади. 

Ҳа, компания айни пайтда зарарга ишламоқда, фақат бу ҳол Amazon (триллион доллар капитализацияга эга бўлиши башорат қилинган илк компания) сингари ҳар бир долларни ривожланишга сарфлаб, бизнесни кенгайтириш йўлида ҳаракат қилаётгани учун юз бермоқда — улар нафақат автомобиллар, қуёш панеллари, томлари, аккумуляторлар, энергия сақловчи тизимлар, қувватлаш станциялари ва дастурий таъминот устида иш олиб боришмоқда.

«Айиқлар» (активлар ва бозорлар қиймати тушишини умумий ҳолда прогноз қилувчи қисқа позициядагилар) эса Tesla шунчаки капитални йўқ қилиш схемаси эканлиги борасидаги фикрларида собит.

Улар комания мавжуд бўлган 10 йил ичида ҳам пул ишлашга қобилиятсиз бўлганлигини, яна Маскнинг бизнесни бир жойга тўплаш ўрнига ҳаракатда давом этиб, масалан, бюджетли электромобиль чиқариш режасини бот-бот тилга олишмоқда. Ёки энергияни сақлаш бизнесини айтишмоқда. Ёки зиён билан ишлаётган SolarCity компаниясини 2 млрд. долларга харид қилганлигини. Агар акциялар қийматининг ўсаётганлиги ростдан ҳам келажакдаги пул оқимидан дарак бераётган бўлса, бу ўсиш ўша оқим нолга тенг бўлиши ҳам мумкинлигини билдиради, дейди улар. 

Business Insider: «Ҳар икки нуқтаи назар компаниянинг яққол кўзга ташланиб турган муаммосини эътибордан четда қолдирмоқда. Tesla — ҳанузгача автомобилсозликни кўнгилдагидек йўлга қўя олмаган автоишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Компания ишлаб чиқарган автомобиллар кишида яхши таассурот қолдиради. Бироқ Маскнинг кутишича, 2018 йилда етказилиб бериладиган автомобиллар сони 500 минг, 2020 йилга бориб 1 млн. донага етади. Биринчи ҳолатда 2017 йилда назарда тутилган ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробар ўсса, иккинчиси Фримонтдаги завод қувватини икки баробарга ошириш ёки янги завод қуришни тақозо этади». 

Баҳолаш

Вазият шу контекстдан таҳлил қилинса, акциясининг бир донаси 311 доллардан сотилаётган Tesla’ни эсипастлик, деб ҳисоблайди Business Insider. Улар 2020 йилга бориб 1 миллионта автомобиль ишлаб чиқариб сотган тақдирда ҳам, уларнинг катта қисми фойдаси кам кичик габаритли машиналар бўлади. Бозорнинг энг даромадли қисми эгалари — йўл танламас машиналар ва пикаплар ишлаб чиқарувчилари — ҳамон «Детройт учлиги» (GM, Ford, Fiat Chrysler Automobiles) бўлиб қолмоқда, қайсики, бозор трендига кўра келажакда учови Маск компаниясидан пастроқ нархланади. 

Tesla Хитойнинг Гуандонг вилоятида завод қуришни режалаштирмоқда. Бу маҳсулотга камроқ солиқ тўланиши, автоишлаб чиқарувчи эса вилоят ҳокимияти томонидан электр автомобиллар ишлаб чиқарувчиларга тақдим этган имтиёзлардан фойдаланишини билдиради. Маск эса бу орада ўз режасининг ҳаётга татбиқ этишнинг янги тафсилотларини ошкор қилиб турибди.

«Tesla’дан юк машинаси сентябрь ойида тақдим этилади. Жамоа ажойиб меҳнат қилди. Бу янги даражага чиқиш»

«Пикап 1,5–2 йил ичида намойиш этилади».

Америкача тепаликлар

Tesla’га ҳаддан ортиқ баҳо бериб юборилган вазият тобора кескинлаша боради, ниҳоят рационал бир кўринишга келгунга қадар. Пойга шу йил, яна бир зиён билан якунланган тўртинчи чоракдан кейин бошланди. Tesla акцияларини алоҳида иштиёқ билан «шорт» қилувчилар учун ягона юпанч Tesla фонд бозори диаграммалари ҳар доим америкача тепаликларга ўхшаш бўлганидир. 

Акциялар нархи доимо тушиб турибди, бунинг оқибатида миллиардлаб доллар бозор капитализациясини ўзи билан чоҳга олиб кетади. Ўз навбатида GM, Ford ва FCA диаграммалари эса жуда зерикарли кўринишга эга:

Матбуот NASDAQ каби қиймат индекси формуласига асосланган фонд индексларида Tesla нархлари сўнгги уч ойда нега бу қадар ўсганидан таажжубда. Бозорларда АҚШ президенти сайлови бошланган пайтларда ўзига хос пойга бошланган эди, бироқ Tesla учун бу мега-пойгага айланиб кетди. Бу ҳол йил бошида кузатиладиган одатий ҳолат — сармоядорлар кутаётган нарсаларини қайта кўриб чиқишига асло ўхшамайди, яъни улар қанчадир муддат Tesla акцияларига эгалик қилишган бўлишса, аллақачон фойда олишмоқда. 

Business Insider: «Трейдерлар динамикаси — узун ва қисқа позициялардан ташқари — Teslа’нинг ўсиши компания кўрсаткичларининг натижаси ҳисобланмайди, Tesla’ни чайқовчилар томонидан яратилган совун кўпиги ҳисобловчи ҳар қандай одам аввало шунга эътибор беради. Булар энди янгилик эмас, чунки компания бошдан-оёқ таҳлиллардан ўтиб бўлган ва аниқ хулоса шуки, акциясининг бир донаси 300 доллардан қимматроққа сотилаётган компаниядан Tesla ҳали етиша олмаган вазифаларни бажариш даражаси кутилади. 

Ҳозирги вақтга келиб, Tesla’нинг совун кўпиги 2016 йил бошида бўлганидек, жуда аниқ шакл-шамойилга бўлиб бормоқда. Фарқи шундаки, кўпик шу қадар катталашганки, у тобора қўрқинчли тус олмоқда».

«Бироқ Маскнинг ҳисобидан SpaceX ресурсларини ҳам ўчириб ташламаслик керак. Tesla қийин кунларни бошидан кечираётган кунларда компания жуда паст фоиз ставкали облигацияларни чиқарган эди ва ўша пайтда NASA билан шартнома имзолаган SpaceX эса уларни сотиб олганди. Маск эса ўз навбатида Tesla акцияларни сотиб олиб, ўз улушини оширмоқда, буни компания акцияларининг чорак қисмига эгалик қилувчи сифатида, ўз акцияларини гаровга қўйиб, қарз маблағлари эвазига амалга оширмоқда. Tesla акцияларининг нисбатан катта бўлмаган фри-флоуси ҳисобга олинса, Маск исталган вақтда ҳамма шортистларни тупроққа кўмиб қўя олиши мумкин», — дея хулосасини якунлайди Business Insider.

Мавзуга оид