Фан-техника | 17:21 / 24.04.2017
5213
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда фазовий чиқинди йиғувчи сунъий йўлдош ишлаб чиқилди

Япониялик муҳандислар томонидан Сингапурда асос солинган Astroscale стартапи фазовий чиқиндиларни йиғувчи ўз намунасини тақдим этди. У Ер орбитасида кўпайиб бораётган фазовий чиқиндиларни камайтиришга ёрдам беради, деб ёзади Asian Review.

Astroscale мутахассислари синов миссияси сифатида орбитага иккита сунъий йўлдошни учиради. Улар Ерга яқин фазода чиқиндиларни йиғиш билан шуғулланади. Қурилмаларнинг ишлаши жуда оддий: улар орбитага чиққанидан сўнг, вазифасини бажариб бўлган сунъий йўлдошларнинг жойини аниқлаб, уларга яқинлашади ва ўзига торта бошлайди. Етарли миқдорда чиқиндиларни тўплаган йиғувчи қурилмалар Ер атмосферасига киради ва ёниб кетади. Уларга чиқиндиларни йиғиши учун 6 ойдан бир йилгача муҳлат берилади. 

Умуман, сўнгги 30 йилда фазодаги чиқиндилар миқдори бир неча мартага кўпайган бўлиб, уларни тозалаш масаласи долзарб муаммога айланиб бормоқда. Турли мамлакатлар мутахассислари бу масалада ўз таклифларини илгари суришяпти. Масалан, яқинда «Роскосмос» фазовий чиқиндиларни кузатиш станциясини ишга туширди. Бу уларнинг жойлашган ўрнини аниқлаш имконини беради. NASA агентлиги эса Innovative Advanced Concepts дастури доирасида Ер орбитасини чиқиндилардан тозалашга доир қизиқ ва истиқболли лойиҳаларни молиялаштиради. 

Мавзуга оид