Жамият | 19:29 / 26.04.2017
16147
2 дақиқада ўқилади

United Airlines самолётида улкан қуён нобуд бўлди

Охирги вақт йўловчилар билан боғлиқ можаролар марказида қолган United Airlines авиакомпанияси самолётида нохуш ҳолат юз берди. Гап шундаки, компания самолётида улкан қуён нобуд бўлди. Компания ходимлари бу ҳодисани тергов қилишни бошлашди, деб хабар бермоқда ВВС телеканали.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Саймон лақабли қуён Лондондан Чикагога парвозни амалга ошираётган самолётнинг юк бўлимида манзилга келгач ўлик ҳолда топилган.  

Бўйи 90 см ни ташкил қилган қуён янги эгасига – номи сир сақланаётган машҳур бир инсонникига етказилиши керак бўлган. Авиакомпания ходимлари қуённинг ўлимидан афсусда эканликлари, уларнинг компанияси ташиётган жонзотлари борасида ғамхўрлик қилишини айтишди. 

Таъкидланишича, нобуд бўлган қуён дунёдаги энг катта қуёнлардан бири – Дарий лақабли улкан қуённинг боласи бўлган.  

"Саймон парвоздан уч соат аввал ветеринар кўригидан ўтганди, у аъло даражада эди. Қандайдир ғалати ҳодиса юз берган ва мен буни билмоқчиман.. Мен қуёнларни бутун дунё бўйлаб жўнатаман ва аввал бундай ҳодиса юз бермаганди", деб айтди қуённинг эгаси.

АҚШ транспорт вазирлигида маълум қилинишича, 2015 йилда АҚШ авиакомпаниялари томонидан ташилиш вақтида 35 та жонзот нобуд бўлган, улардан 14 таси айнан United Airlines самолётларида жон берган. 

Мавзуга оид