Жаҳон | 10:08 / 14.05.2017
20008
3 дақиқада ўқилади

Пекинда «Бир макон, бир йўл» форуми очилди

Фото: Синьхуа

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида халқаро ҳамкорлик бўйича «Бир макон, бир йўл» стратегияси доирасидаги олий даражадаги форум очилди.

Унда жами 29 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда: Хитой, Ўзбекистон, Аргентина, Беларусь, Чили, Чехия, Индонезия, Қозоғистон, Кения, Лаос, Филиппин, Россия, Швейцария, Туркия, Вьетнам президентлари, Камбожа, Эфиопия, Фижи, Юнонистон, Венгрия, Италия, Малайзия, Мўғулистон бош вазирлари, Мьянма давлат котиби, шунингдек, Покистон, Польша, Сербия, Испания, Шри-Ланка бош вазирлари.

Бундан ташқари, форумда АҚШ, Жанубий Корея, КХДР, Германия, Франция, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Япония вакиллари, БМТ бош котиби, Халқаро валюта фонди бош директори ҳамда Жаҳон банки президенти қатнашмоқда. Форумнинг жами иштирокчилари ва меҳмонлари сони 130дан ортиқ давлатдан келган 1,5 минг кишини ташкил қилмоқда.

Форумнинг биринчи кунида очилиш маросимидан ташқари ялпи йиғилиш ҳам ўтказилади ва унда 6та параллел мавзу муҳокама қилинади.

Иккинчи кунда эса давлат раҳбарларининг алоҳида учрашувлари ўтказилади. Шунингдек, раҳбарларнинг биргаликда суратга тушиш маросими ҳамда ишчи тушлик ўтказилади.

Форум якунида ХХР раиси Си Жингпин чиқиш қилади.

Форум концепцияси илк бор ХХР раиси Си Жинпинг 2013 йилнинг кузида Марказий Осиё давлатлари ва Индонезияга ташриф буюрганда очиқланган эди. «Бир макон, бир йўл»ни барпо этиш Хитойнинг янги ҳукумати олдига қўйилган муҳим масалалар рўйхатига киритилган эди. Ўшанда ХХР ташқи ишлар вазири Ванг Йи бу ташаббусни амалга ошириш 2015 йилда ХХР ташқи сиёсий фаолиятининг «фокуси»га айланиши айтиб ўтган эди.

Хитой томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббуснинг моҳияти — Хитой иштирокидаги мавжуд минтақавий икки томонлама ва кўптомонлама механизмлар ва ўзаро таъсир структураларини мустаҳкамлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги моделини излаб топиш, шакллантириш ва илгари суришни назарда тутади. Қадимий Ипак йўли руҳиятини ривожлантириш ва давом эттириш асносида «Бир макон, бир йўл» минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, жалб этилган давлатларнинг иқтисодий равнақ топишини рағбатлантириш, турли цивилизациялар ўртасидаги турли соҳалардаги маданий айрибошлаш ва алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, тинчлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш ётади.

Хитойнинг расмий маълумотларига кўра, «Бир макон, бир йўл» ривожланаётган давлатлар, жумладан, янги иқтисодиётлар ва ривожланган давлатлардан иборат Евроосиё материгининг катта қисмини қамраб олади. Мегалойиҳа ҳудудида жуда бой ресурслар захиралари бор, бу ерда Ер куррасининг 63 фоиз аҳолиси истиқомат қилади, тахмин қилинаётган иқтисодий миқёс эса 21 триллион АҚШ долларига тенг.

Мавзуга оид