Жаҳон | 23:11 / 16.05.2017
17505
2 дақиқада ўқилади

Путин ФХХга давлат эҳтиёжлари учун ерларни тортиб олиш ҳуқуқини берди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ)га давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини тортиб олиш ҳуқуқини берди. Ҳуқуқий ахборот интернет-порталида шунга мувофиқ фармойиш чоп этилди. 

Қарорга мувофиқ президентнинг 2003 йил 11 августидаги 960-сонли қарори билан тасдиқланган Россия ФХХ низомига ўзгаришлар киритилади. "9-пунктни қуйидаги мазмундаги 73-банд билан тўлдирилсин: ўз ваколатлари доирасида Россия Федерацияси эҳтиёжлари учун ер участкалари ёки уларда жойлашган кўчмас мулк объектларини тортиб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади", - дейилади ҳужжатда.

Унга кўра, қарор ижроси ФХХнинг ҳарбийлар ва фуқаролик персонали штатини кенгайтириш ёки федерал бюджетдан қўшимча маблағ ажратишни талаб қилмайди.

ФХХ 2016 йилнинг август ойи охирида унга ер участкаларини тортиб олиш ҳуқуқини беришни сўраб мурожаат қилганди. 

Манбага кўра, давлат эҳтиёжлари учун ерларни тортиб олиш халқаро келишувлар, қурилишлар, давлат ва маҳаллий объектларни қайта таъмирлаш, шунингдек федерал қонунлар томонидан белгиланган асослар бўйича алоҳида ҳолатлардагина амалга оширилади.

Мавзуга оид