Жамият | 14:34 / 16.05.2017
25994
2 дақиқада ўқилади

«Самарқанд Дарвоза»га бомба қўйилгани ҳақида ёлғон хабар берган қиз ушланди

Фото: tripadvisor

Жорий йилнинг 14 май куни соат 11:00 да Шайхонтоҳур туманида, 1998 йилда туғилган, Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Н.И.Нурбекова (исм-фамилияси ўзгартирилган) ИИББ Навбатчилик қисмининг «102» хизматига қўнғироқ қилиб, безорилик оқибатида Қоратош кўчасида жойлашган «Самарқанд Дарвоза» савдо мажмуасининг 3-қаватида икки номаълум аёллар томонидан мазкур савдо мажмуасига портловчи модда ўрнатилганлиги ҳақида хабар берган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, хабарга асосан, воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва туман масъул ходимлари, тергов-тезкор гуруҳлари ҳамда бошқа хизматлар чиқди. 

Ходимлар томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида «Самарқанд Дарвоза» савдо мажмуасидаги фуқаролар хавфсиз жойга олиб чиқилиб, бино кўздан кечирилган. Савдо мажмуасида ҳеч қандай портловчи модда ва бошқа шубҳали нарсалар аниқланмаган. Ўтказилган тезкор суриштирув давомида, фуқаро ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини чалғитиб, ёлғон хабар берганлиги аниқланган. 

Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни вақтда, тергов ишлари олиб борилмоқда. Суриштирув ишлари чоғида қизнинг ўзи ҳам гумондор сифатида сўроқ қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ, Тошкент вилоятидан бўлган қизнинг бу каби безорилиги унинг йирик миқдорда жарима тўлашига ёки 300 соат ижтимоий ишларга ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинишига асос бўлиши мумкин.

Мавзуга оид