Жамият | 20:34 / 17.05.2017
21205
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг энг намунали ҳарбийлар оиласи аниқланди

Бугун 17 май куни Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида "Намунали ҳарбийлар оиласи" кўрик-танловининг якунловчи босқичи бўлиб ўтди. Тадбирда қатнашган "Кун.уз" мухбирига кўра, унда танловнинг ҳарбий округ ва унга тенг бўлган бирлашмалар миқёсида ғолибликни қўлга киритган жамоалар, яъни ҳарбийлар оилалари иштирок этган.

1. Майор Охунов Рустам Норинбоевич (Шарқий ҳарбий округ, Сержантлар тайёрлаш мактаби) ва унинг оиласи;

2. Майор Етмишов Дилшод Баҳодирович (Жануби-ғарбий ҳарбий округ, Қарши Сержантлар тайёрлаш мактаби) ва унинг оиласи;

3. Кичик сержант Пайгамов Маъруфжон Рустамович (Тошкент ҳарбий округи, 16707-ҳарбий қисм) ва унинг оиласи;

4. Сержант Эшжонов Раҳматилла Қурбонбоевич (Шимоли-ғарбий ҳарбий округ, 533 СЧР) ва унинг оиласи;

5. Сержант Тангриқулов Лутфулло Қудратович (Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари, 83384-ҳарбий қисм) ва унинг оиласи;

6. Майор Эргашев Элдоржон Муродуллаевич (Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти) ва унинг оиласи.

Оилаларнинг чиқишлари Республика маънавият-тарғибот маркази эксперти Жамила Шермуҳаммедова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.

Кўрик-танловда жамоалар тўрт шарт бўйича беллашишди:

1. Мустаҳкам оила - жамият таянчи (таништирув);

2. Инсонга наф келтириш - олий бахт;

3. Билимдонлар баҳси;

4. Карвинг санъати.

Биринчи шарт бўйича жамоалар шеърлар, миллий рақс, қўшиқлар, халқ ўйинлари ва бошқа ижрочилик санъати орқали ҳар томонлама соғлом ва намунали ҳарбий оилага хос бўлган жиҳатлар ҳамда уларнинг ютуқлари кўрсатиб берилди. Иккинчи шарт бўйича саҳна кўринишида иштирокчилар ичкиликбозлик, "оммавий маданият"нинг оиладаги муҳитга таъсири каби маънавият ва қадриятларимизга ёт бўлган салбий иллатлар соғлом ва бахтли оилага таққосланди. Шунингдек "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да инсоннинг ҳуқуқ, эркинлик ва манфаатлари устуворлиги, ҳаётий муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилаётгани кўрсатиб берилди. Учинчи шартда ота-она ҳамда уларнинг бир фарзанди иштирок этиб, ҳар бирига 30 сония ичида ёшига доир саволлар берилди. Тўртинчи шартда оила бекалари карвинг санъати орқали хўл мевалардан ассорти тайёрлаб, уларни дид билан безашди.

Ҳакамлар ҳайъати баҳоларига кўра, майор Етмишов Дилшод Баҳодирович оиласи биринчи ўринга муносиб кўрилиб, энг намунали ҳарбий оила дея эълон қилинди. Иккинчи ўринни қувноқ сержант Эшжонов Раҳматилла Қурбонбоевич оиласи эгаллади. Учинчи ўринда эса майор Охунов Рустам Норинбоевич оиласи қайд этилди.

Танловнинг қолган иштирокчилари рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди. Майор Эргашев Э.М. оиласи "Энг пазанда оила", сержант Тангриқулов Л.Қ. оиласи "Актёрлик маҳорати юқори оила" ва кичик сержант Пайгамов М.Р. оиласи "Энг қувноқ ва зукко фарзандлар оиласи" номинациялари бўйича рағбатлантирилди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Мавзуга оид