Ўзбекистон | 19:40 / 24.05.2017
196371
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan автомобиллари нархлари ошиши кутилмоқда

GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган бир қатор автомобилларнинг нархларини оширади. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбалар маълум қилмоқда.

«Кун.uz» нашрининг манбаси маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги автосалонларда айни вақтда савдолар тўхтатилиб, сотилмаган автомобиллар ҳисоб қилинмоқда.

Маълумот учун, GM Uzbekistan автомобиллари нархлари охирги марта 2015 йилнинг декабрида оширилганди. Ўшанда нархлар ўртача 30 фоизга қимматлаганди.

Нархлар қачондан ва қандай тартибда ошиши ҳақида маълумотлар йўқ.

Ҳозирча «Ўзавтосаноат» ва GM Uzbekistan нархларнинг навбатдаги ошиши ҳақидаги хабарларни тасдиқламаяпти. 

Лекин ижтимоий тармоқларда бу ҳақдаги хабарлар муҳокама қилинмоқда. Интернет фойдаланувчилари ўтган икки йил ичида миллий валюта қадрсизланганини ҳисобга олган ҳолда нархлар ошиши табиийлигини айтишмоқда.

«Бозордаги талабга қараб аввало ишлаб чиқариш ҳажмини қайта кўриб чиқиш, кенгайтириш керак. Дунёнинг бирорта мамлакатида бўлмаса керак, олдиндан пул тўлаб қўйиб, 1 йил машина келишини кутиш. Пул тўландими, харидор ўша вақтнинг ўзида маҳсулотни олиш керак. Нарх-навони оширишда харидор кўплиги ёки монопол ташкилот бўлгани учун эмас, қўшимча ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспортни ривожлантиришни мақсад қилиб олишса, бошқача бўларди. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳар қандай товар ва хизматларни халқимиз, истеъмолчилар миллий валютада нақд ва нақд пулсиз шаклда сотиб олишга тўла ҳақли бўлишини таъминлаш керак. Бу аҳоли кайфиятига таъсир қиладиган омиллардан биридир», дея бу борадаги фикрларини билдириб ўтган истеъмолчилардан бири.

GM Uzbekistan апрель ойида автомобиллар нархларини маълум қилганди. Ундан олдинроқ бир неча марта нархлар ошиши ҳақидаги норасмий хабарларга ишонмаслик сўралган.

Мавзуга оид