Hello, Pope!: Трамп папанинг олдига келди (фотожамланма)
АҚШ президенти Дональд Трамп 24 май тонгида Ватиканга етиб келиб, Рим папаси Франциск қабулида бўлди.
Трампни ва унинг рафиқасини Апостол саройида Папа уйи префекти архиепископ Георг Генсвайн кутиб олган.
Трамп Рим Папаси ҳузурида бўлди.
Трамп Ватиканга «йўл устида кириб ўтди», у Италияда ташкил этилган «катта еттилик» саммитида қатнашади. Аммо унинг Ватиканга келиши аҳамиятли. Трамп ва Рим папаси шу вақтга қадар ҳеч қачон учрашмаганди, аммо уларнинг ўзаро «ҳисоб-китоби» бор. Папа Трампни АҚШ ва Мексика ўртасида девор қуриш режаси учун қаттиқ танқид қилган, «одамлар ўртасида девор қурувчини христиан деб ҳисобламаслиги»ни айтган.
Трамп эса ўз чиқишларида бир неча марта диндор оилада вояга етганини , диний тарбия топганини эслатиб ўтганди.
The Washington Post мақоласида ёзилишича, уларнинг учрашувидан яхши самаралар кутиш мумкин. Рим папаси АҚШ билан кўп йиллар давомида совуқ муносабатларда бўлиб келаётган Лотин Америкаси раҳнамоси ҳисобланади.
Қайд этиш керакки, Трампнинг маъмуриятида унинг ўнг қўли ҳисобланмиш Стив Бэннон чин католик ҳисобланади, шунингдек, президент маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэй ҳам.
Папа ва президент учрашуви тафсилотлари келтирилмади. Уларнинг учрашуви 30 дақиқага яқин давом этган.
Алоҳида учрашувдан олдин папа америкалик меҳмонларни қабул қилган: Трампдан ташқари бу делегация таркибига унинг рафиқаси Меланя Трамп, қизи Иванка турмуш ўртоғи Жаред Кушнер билан, шунингдек, Давлат департаменти раҳбари Рекс Тиллерсон ҳамда бир неча маслаҳатчилар ва миллий хавфсизлик масаласи бўйича президент маслаҳатчиси Герберт Макмастер кирганди.
Франциск ва Трамп қўл сиқиб кўришишган, Франциск Трампга эсдалик медальони таққан. Меланья ва Иванка эса Ватикан протоколи бўйича кийинишган, хонимлар устида қора либослар, уларнинг бошига тўр ташланганди (ОАВ улар Саудия Арабистонида рўмол ўрашмаганига эътибор қаратмоқда). Меланья ўз қараши билан италиялик журналистларга машҳур актриса Софи Лоренни эслатиб юборган.
Ушбу учрашувдан кейин Трампнинг навбатдаги манзили Брюссель. Бу шаҳарда ЕИ ва НАТО вакиллари билан йиғилишда иштирок этади.
У Европа кенгаши раиси Дональд Туск ва Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер, шунингдек, Европарламент раиси Антонио Таяни ва ЕИ дипломатияси раҳбари Федерика Могерини билан музокаралар ўтказади. ЕИ кўплаб баҳсли масалалар бўйича АҚШ позицияни аниқлаштиришга ҳаракат қилади, улар орасида – Америка янги маъмуриятининг ЕИ билан эркин савдо ҳақидаги келишувдан бош тортиши, мамлакатнинг миграцион сиёсати, Исроилдаги элчихонани Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш, Россия билан муносабатлар. Трамп Франциянинг янги президенти Эммануэль Макрон билан ҳам кўришади.
У кейин яна Италияга қайтади. Унинг хорижий сафари Сицилиядаги Бари шаҳрида якунланади. Бу ерда «катта еттилик» саммити ўтказилади.
Мавзуга оид
16:18 / 24.12.2024
“Канални савол-жавобсиз қайтариб оламиз” – Трамп Панамага таҳдид қилди
09:53 / 24.12.2024
Гренландия бош вазири Трампнинг оролни АҚШга сотиш ғоясини рад этди
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
17:01 / 23.12.2024