АҚШда Жон Кеннеди таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда
29 майда АҚШда мамлакатнинг 35-президенти Жон Фицжеральд Кеннеди таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Шу муносабат билан Бостондаги Кеннеди номидаги Президент кутубхонасида тантанали маросимлар бўлиб ўтади. Бу ерда "Жей-Эф-Кей - 100: даврлар ва хотиралар " (JFK at 100: Milestones and Mementos) номли кўргазма очилди.
Кўргазмада Кеннедининг болалиги ва ўсмирлиги билан боғлиқ экспонатлар, у Иккинчи жаҳон уруши вақтида Тинч океанида қўмондонлик қилган PT-109 катеридан байроқ, Оқ уйдаги ўриндиғи, Куба инқирози даврига тегишли ҳужжатлар ва унинг фуқаролик ҳуқуқлари ҳақидаги нутқларининг қораламалари намойиш қилинади.
Кўргазмада намойиш қилинадиган Кеннедига тегишли буюмлардан баъзилари, жумладан, унинг қуёшдан сақловчи кўзойнаклари, галстуклари, яқинлари томондан олган совғалари ҳали бирор марта оммага тақдим қилинмаган.
АҚШнинг почта хизмати президент таваллудининг юбилей санаси муносабати билан марка чиқарди, Президент кутубхонаси эса турли давлатларда Кеннеди номи билан аталган жойлар суратлари танловини ташкиллаштирди.
АҚШ тарихида энг ёш президент бўлган Кеннеди 1917 йил 29 май куни Массачусетс штатининг Бруклайн шаҳарчасида дунёга келган. У Гарвард университетини битиргач, 1941 йилда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари резервига хизматга кирган. Иккинчи жаҳон урушида Тинч океанида торпедо катерларига қўмондонлик қилган ва медаллар билан тақдирланган. Урушдан кейин Массачусетс штатидан АҚШ вакиллар палатасига, сўнгра Сенатга сайланган. 1960 йилдаги президентлик сайловларида Республикачилар партияси номзоди Ричард Никсон устидан ғалаба қозониб, 43 ёшида АҚШ тарихидаги энг ёш президентга айланган.
Кеннеди 1963 йил 22 ноябрда Даллас шаҳрига сафари давомида собиқ ҳарбий Ли Харви Освальд томондан ўлдирилган. Бироқ Кеннедининг ўлдирилиши ҳақида ҳали ҳам турли тахминлар билдириб келинади.
Бутун дунё Кеннедининг ўлимидан ларзага келган. Кеннеди ўз нутқида айтган баъзи фикрлар ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган: "Бизнинг орамиздаги умумий жиҳат шуки, барчамиз бу сайёранинг одамларимиз. Барчамиз бир ҳаво билан нафас оламиз. Фарзандларимиз келажаги учун яшаймиз. Ва барчамиз ўлгувчимиз".
Жон Кеннеди ака-сингиллари билан: Жозеф Кеннеди, Кэтлин Кеннеди, Розмари Кеннеди ва Жон Ф. Кеннеди, 1928 йил
Кеннеди Европага сафари давомида, 1937 йил
Кеннеди отаси – АҚШнинг Буюк Британиядаги элчиси Жозеф Кеннеди билан, 1938 йил
Кеннеди Иккинчи жаҳон уруши вақтида РТ-109 катери бортида, 1942 йил
АҚШ конгрессмени ва бўлғуси президент Кеннеди Банкер-Хиллдаги парадда, 1950 йил
Рафиқаси Жаклин Кеннеди билан, 1953 йил
Кеннеди президент этиб сайлангандан кейин оила даврасида, 1960 йил 9 ноябрь.
Кеннеди 1961 йил 20 январда Вашингтондаги инаугурацияси вақтида.
Кеннеди ва Никита Хрушев Венада Кариб инқирози масаласини муҳокама қилиш олдидан, 1961 йил
Кеннеди ва Франция президенти Шарль де Голль Парижда, 1961 йил
Жон Кеннеди, 1962 йил
Кеннеди ва фазогир Жон Гленн "Дўстлик 7" космик кемаси ичини кўздан кечиришмоқда, 1962 йил
Кеннеди ўғли билан Оқ уйдаги Овал хонада, 1963 йил
Кеннеди ўғли билан Оқ уй ёнида, 1963 йил
Кеннеди қизи билан яхтада, 1963 йил
Кеннеди Хианнис портига йўл олишдан олдин отаси билан хайрлашмоқда, 1963 йил
Кеннеди рафиқаси билан Даллас аэропортида, 1963 йил 22 ноябрь
Кеннеди рафиқаси билан вафоти куни, 1963 йил 22 ноябрь
Кеннеди ўлимидан бир неча сония аввал, 1963 йил 22 ноябрь
АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди
Мавзуга оид
12:12 / 29.11.2024
АҚШдаги аср қотиллиги – президент Жон Кеннеди қандай ўлдирилганди?
22:01 / 22.11.2023
ХХ асрнинг энг шов-шувли қотиллиги – АҚШ президенти Жон Кеннеди қандай ўлдирилганди?
13:07 / 22.11.2020
Асрнинг сирли қотиллиги – Жон Кеннеди ўлими ортида ким турганди?
08:21 / 19.08.2020