Жаҳон | 23:18 / 08.06.2017
23794
3 дақиқада ўқилади

Қатар ўзининг ташқи сиёсатини ўзгартирмаслигини маълум қилди

Қатар ҳукумати мустақил ташқи сиёсатини давом эттиради ва Доҳага босим ўтказишга уринишларни номақбул деб ҳисоблайди. Амирлик ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний 8 июнь куни бундай баёнот билан Al Mayadeen телеканалида чиқиш қилди.

"Биз таслим бўлишга тайёрмасмиз ва ҳеч қачон ўзимизнинг мустақил ташқи сиёсатимиздан воз кечишга тайёр бўлмаймиз", деб айтди дипломат. "Биз ташқи сиёсатимизга ҳар қандай аралашувга қатъиян қаршимиз", деб айтди Ол Соний. Унинг бу баёноти Доҳа билан дипломатик алоқаларни узган бир қатор араб давлатларининг вазиятни тартибга солиш учун Қатар ўз сиёсатини ўзгартириши кераклиги талаби ортида янгради. Қатар ўз сиёсатини ўзгартиришини Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн талаб қилмоқда. Улар Доҳа экстремистик мафкура ва террорчиликни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, Қатарни адоват ва араб давлатлари ишларига аралашувда айбламоқдалар.  

Ол Соний Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши сафларида юзага келган инқироз ҳақида гапириб, вужудга келган вазият "минтақа барқарорлигига хавф солишини" таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга вазир вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш устувор бўлиб қолишини ва муаммонинг ечими ҳарбий сценарий бўйича кетиши мумкинлигини истисно қилди. "Бу муаммонинг ҳеч қачон ҳарбий ечими бўлмайди", деб айтган Қатар вазири.     

Ол Соний журналистларнинг охирги кунларда араб сунъий йўлдошли телеканалларининг марказий мавзусига айланган Қатардаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ вазият бўйича берган саволларига Доҳада "озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятдан хавотирда эмасликларини" айтди. У, шунингдек, ОАВнинг Қатар Эрон билан озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиши бўйича музокаралар ўтказгани ҳақидаги хабарини тасдиқлади. "Эрон Қатарга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни таъминлашга тайёрлиги ва у учун учта денгиз портини очишини билдирган", деб айтди Ол Соний ва Доҳа бу масала бўйича якуний қарорга келмаганини айтди. Аввалроқ амирлик савдо-саноат палатасида мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари стратегик захиралари яна камида 12 ойга етиши маълум қилинган.  

Мавзуга оид