Энг кўп семиз одамлар яшовчи давлат маълум қилинди
Олимларнинг таъкидлашича, сайёрамизнинг 2 миллиардан ортиқроқ одами ортиқча вазн ва семизликнинг ўта оғир шаклларидан азият чекар экан. Бу борада АҚШ етакчилик қилмоқда, деб маълум қилинди New England Journal of Medicine нашрида чоп этилган мақолада.
"Ортиқча вазнни муаммо, эътибор беришга лойиқ деб ҳисобламайдиганлар, ўзларини хатарга қўядилар, чунки юрак, саратон, қанд касаллиги ва бошча касалликларнинг авж олиши хавфи уларда камаймайди, балки ошади", деб айтди Сиэтлдаги Вашингтон университети мутахассиси Кристофер Мюррей.
Унинг фикрича, бу эпидемияни тўхтатиш учун ортиқча вазнни ташлашга ўз-ўзига берилган ваъдани амалга ошириш лозим.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ер аҳолисининг учдан бири семизликдан азият чекади. Буюк Британия ва Яқин Шарқ давлатларида аҳолининг ярмидан кўпи ортиқча вазнга эга.
Жорий прогнозларга ишонилса, унда 2025 йилга келиб сайёрамизда ортиқча вазнга эга одамлар сони 2,7 млрд га етади. Бунда ортиқча вазнга эгалар 46 фоизни, ўта семиз одамлар эса 17 фоизни ташкил қилади.
Мюррей ўз ҳамкасблари билан бундай одамларни қайд қилди ва улардаги ортиқча вазннинг қанча ҳаёт кўришларига таъсирини ўрганди. Олимлар охирги 45 йил ичида 195 та давлат бўйича семизлик эпидемияси тарқалишини кузатишга ва семиз одамлар сонининг 300 дан ортиқ касалликнинг тарқалишига таъсир қилишини таҳлил қилишга муваффақ бўлишди.
Аниқланишича, дунёда 600 млн га яқин катталар ва 100 млн болалар семизликнинг ўта оғир шаклларидан азият чекарканлар. Семизликнинг бундай шаклларида тана массаси индекси 30 дан ошади. 1980 йилга нисбатан бундай одамлар сони бирваракайига 70 та давлатда икки баробарга ошган.
Семизлик рейтингида 20 та энг аҳолиси кўп давлатлар ичида АҚШ етакчилик қилмоқда. АҚШда ёшлар ва болаларнинг 13 фоизи, катталарнинг 24 фоизи ўта семизликдан азият чекади.
Мисрда эса катталар орасида рекорд сонда семиз одамлар борлиги қайд қилинди, бу ерда катталарнинг учдан бир қисми семизликдан азият чекар экан.
Ҳиндистон ва Хитойда, аксинча, бу кўрсаткичлар паст бўлган, мос равишда 3 ва 5 фоиз. Олимларнинг аниқлашича, энг ориқ одамлар Марказий ва Шарқий Осиёда яшарканлар. Мисол учун, Бангладеш ва Вьетнамнинг бор-йўғи 1 фоиз аҳолиси семизликдан азият чекаркан.
Олимнинг айтишича, юқоридаги маълумотларнинг барчаси семизликка қарши БМТ даражасида мувофиқлашган ҳолда курашиш кераклигидан дарак бермоқда. Бусиз эса семизлик эпидемиясини ютишнинг иложи йўқ.