Спорт | 02:22 / 16.06.2017
7364
3 дақиқада ўқилади

Форс кўрфазидаги инқироз ЖЧ-2022га тайёргарлик ишларига таъсир кўрсатгани йўқ

Фото: EPA

5 июнь куни Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Миср, Яман, Ливия вақтинчалик ҳукумати, Мальдив ороллари ва Маврикий Республикаси Қатар билан дипломатик алоқаларни узишлари ҳақида эълон қилишди.

Айрим араб давлатларининг дипломатик ва иқтисодий бойкотига қарамасдан, 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини ўтказишга тайёргарлик режага мувофиқ кетмоқда. Бу ҳақда тадбирни ўтказишга масъул, лойиҳалар ва мерос бўйича Олий кенгаш раҳбари Ғаним ал-Қувайрийнинг сўзларини келтирмоқда ТАСС.

«Барчани ишонтириб айтишим мумкинки, вазият ЖЧ-2022 объектларидаги иш жараёнига заррача таъсир ўтказа олгани йўқ, барчаси режа бўйича кетмоқда», — дея унинг сўзларини келтиради Қатарнинг «Ал-Ватан» газетаси. Ал-Қувайрийнинг айтишича, бойкот эълон қилингач, хомашё ва қурилиш материалларининг муқобил манбаларини излаб топиш бўйича режа тузилган ва улар денгиз ҳамда ҳаво йўли билан келтирилмоқда.

5 июнь куни Қатарни террористик ва экстремистик мафкурани қўллаб-қувватлаш, душманона сиёсати ҳамда араб давлатларининг ишига аралашишда айблаб, Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Миср, Яман, Ливия вақтинчлик ҳукумати, Мальдив ороллари ва Маврикий Республикаси ушбу давлат билан дипломатик алоқаларни узишларини эълон қилишган эди. Кейинроқ уларга Мавритания ва Комор ороллари қўшилган, Иордания ва Жибути эса дипломатик ваколати даражасини пасайтирганди. Доҳадагилар эълон қилинган айбловларни асоссиз, деб ҳисоблашмоқда. Бир қатор давлатлар эса, денгиз ва ҳаво қатновини тугатиш, жумладан, Қатарлик дипломатлар ва бизнесменларни мамлакатдан чиқариб юбориш каби бошқачароқ чоралар билан кифояланишган.

2022 йили футбол бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини Қатар 2010 йил 2 декабрда қўлга киритган. Кутилишича, турнирни ташкиллаштириш ушбу давлатга 8–10 миллиард АҚШ долларига тушади, маблағларнинг катта қисми машғулот базалари ва стадионлар қурилишига сарфланади. Қатарнинг дастлабки режасида 12 та стадион қурилиши режалаштирилган эди. Сўнгра уларнинг сони 8 тага туширилган бу ФИФА томонидан рухсат этилган энг кам кўрсаткич.

Қатарда жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 21 ноябридан 18 декабрига қадар ўтказилади. Давлатнинг Доҳа, Лусайл, Ал-Вақра, Ал-Хур, Ар-Раййон, Умм-Салал ва Мадинат-уш-Шамол шаҳарлари мусобақага мезбонлик қилишади.

Мавзуга оид