Ўзбекистон | 01:24 / 16.06.2017
32229
3 дақиқада ўқилади

Президент: “Ўз болангни ўзинг асра!”

15 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фарзандлар келажаги, уларнинг тарбияси ва бунга лоқайд муносабатда бўлиш нималарга олиб келиши ҳақида сўз юритди.

“Бола ота-она қўлида бир омонатдир”, дейди буюк алломаларимиз. Болаларимиз, уларнинг тақдири, келажаги ҳақиқатан ҳам жуда омонат эканини бугунги ҳаёт ҳар томонлама исботламоқда, - дейди давлат раҳбари. - Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас. 

Биз, кўпинча болам мактабда, ўқишда ёки чет элда ишлаяпти, деб хотиржам юрибмиз. Лекин бизнинг бундай соддалигимиз, бепарволигимиздан душманлар маккорлик билан фойдаланмоқда. Бизнинг жону жаҳонимиз бўлган фарзандимиз душманлар қўлида қуролга айланиб қолса, бунинг учун аввало ким айбдор? Ўзимиз эмасми?

Шунинг учун мактаб, лицей ва коллежлардаги, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия, биринчи навбатда, давомат масаласига ниҳоятда жиддий эътибор беришимиз шарт". 

Шу ўринда бирор ўқувчи ёки талаба узрсиз ўқишга келмай қўйса, таълим маскани ҳам, оила ҳам, маҳалла, ҳокимият идоралари ҳам бу тўғрида бонг уриши, сергак тортиши, буни фавқулодда бир ҳол деб баҳолаши кераклигига эътибор қаратилди.

Ана шундай назорат тизими самарали ва ўзаро боғлиқликда ишлайдиган бўлса, албатта биз вазиятни қўлга олиб, уни ижобий томонга ўзгартира олишимиз таъкидланди.

Шунинг учун ҳам туманларда ҳокимлар ҳамда ички ишлар бўлими бошлиқларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимлари ташкил этилгани алоҳида қайд этилди.

"Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра!” деб қўшимча киритиш вақти келди, деб ўйлайман. 

Адашган ёшларни тарбиялашимиз, керак бўлса, жазони ўташ жойларига ҳам бориб, улар билан гаплашишимиз лозим. Чин дилдан тавба қилиб, ота-онаси, оиласи бағрига, тўғри йўлга қайтишни ният қилган одамларга амалий ёрдам беришга мен давлат раҳбари сифатида доимо тайёрман.

“Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, ички ишлар идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар бу масала бўйича бевосита жавобгар бўлиб, иш самарадорлигини тубдан оширишлари, мутлақо янги тизимга ўтишлари зарур", - дея таъкидлади Президент.

Мавзуга оид