Ўзбекистон | 15:39 / 17.06.2017
36026
4 дақиқада ўқилади

Юридик таълимда қандай ўзгаришлар бўлди?

Фото: Тошкент давлат юридик университети

2017 йил 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бундан аввалроқ, яъни 2017 йил 28 апрель куни «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори имзоланди ва у орқали миллий таълим тизимида бир қатор инқилобий ўзгаришлар қилинди.

Хўш, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан яна қандай ўзгаришлар киритилди?

Xushnudbek.uz сайтининг ёзишича, ушбу қарор билан иккита нарса, Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига хорижий фуқароларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланди.

1-ўзгариш: Тошкент давлат юридик университетига хорижий фуқароларни қабул қилишда бошқа ОТМлардан фарқли ўлароқ, тест синовларидан воз кечилиб, шунчаки суҳбат ўтказиладиган бўлди. Ўзгаришга кўра, эндиликда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар нафақат ТДЮУ, балки барча ОТМлар бакалавриатига суҳбат натижасида қабул қилинадиган бўлди. МДҲдан бошқа мамлакат фуқаролари учун эса ОТМларда тест синови сақланиб қолган. ТДЮУда барча хорижликлар суҳбат асосида қабул қилинади.

2-ўзгариш: Хорижий фуқароларни қабул қилишда абитуриентлар ўз ҳужжатларини интернет орқали юбориши йўлга қўйилди. Фақат абитуриентлардан суҳбатга келганда ўзлари билан ҳужжатларнинг оригиналларини олиб келиш ва тасдиқлаш талаб этилади холос.

3-ўзгариш: Бир семестрда назарий билимларни эгаллашга ажратилган 18 ҳафталик ўқув жараёнлари 14 ҳафтага қисқартирилди. Ортиб қолган 4 ҳафталик муддат талабаларнинг мустақил изланишлари ва назорат ишлари учун ажратилади. Шунингдек, аудитория дарслари ҳажмининг ҳафталик максимуми 36 соатдан 30 соатга қисқартирилди. Бу ТДЮУда ҳафтасига 5 кун ўқиш бўлади дегани.

4-ўзгариш: ТДЮУ давлат таълим стандартларида белгиланган ўқув блокларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

5-ўзгариш: ТДЮУда Ўзбекистондаги ОТМлар орасида биринчи бўлиб, ўқитишнинг кредит тизимига ўтилади. Кредит тизими талабалар ўқув юкламалари ҳажмини аниқлашнинг шартли белгиси бўлиб, хорижий таълим муассасаларида энг кенг тарқалган тизим ҳисобланади.

6-ўзгариш: Тошкент давлат юридик университетига педагог ходимлар адлия органлари ва муассасалари учун белгиланадиган тартибда ўтказиладиган танлов асосида қабул қилинади.

7-ўзгариш: ТДЮУга бакалавр даражасига эга бўлган шахслар ҳам ўқитувчи сифатида ишга олиниши мумкин.

8-ўзгариш: ТДЮУда ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаси фақат ўқув тусдаги тадбирларни ўз ичига оладиган бўлди. Шунингдек, ўқитувчилардан 1540 соатлик “нагрузка” ҳам олиб ташланди.

9-ўзгариш: ТДЮУда таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий ОТМнинг юриспруденция йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий ОТМда ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари маълумотнома асосида университет Кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан давом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.

10-ўзгариш: ТДЮУ талабалари эндиликда академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун талабалар сафидан чиқарилмайди. Академик қарздор талабалар ўзлаштира олмаган фанларни такроран ўқитиш учун тегишли курсда қолдирилади.

11-ўзгариш: ТДЮУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети негизида Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази ташкил этилди.

12-ўзгариш: Эндиликда ТДЮУ  бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан мустақил ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Мавзуга оид