Жамият | 22:38 / 26.06.2017
16880
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ит яна шаҳар мэри этиб сайланди

АҚШнинг Кентукки штатидаги Рэббит-Ҳэш шаҳри раҳбари этиб яна ит сайланди. Шаҳар мэри этиб сайланган Бриннет Паултро лақабли, уч ёшли питбуль зотли ит сайловда товуқ, мушук, эшак ва сайловда қатнашган бошқа номзодлар устидан ғалаба қозонган, деб хабар беради WDRB-TV.

Ит 2010 йилги аҳолини рўйхатга олиш саноғига кўра 315 киши яшовчи шаҳарчада тўртинчи марта формал жиҳатдан раҳбарлик қилади. 1998 йилда Гуфи Борнмэн лақабли зотсиз ит мэрликка сайланганди. У 2001 йилда ўлган. Сўнгра унинг ўрнини Жуниор Кокран лақабли лабрадор зотли ит эгаллаган. Учинчи мэр Люси Лу лақабли бордер-колли зотли урғочи ит бўлган. Люси Лу етти йил мобайнида шаҳар мэри ҳисобланган.

Рэббит-Ҳэшнинг мэри реал ҳокимиятга эга бўлмайди ва жамоатчилик ҳаётига таъсир ўтказа олмайди. Сайловни шаҳарчани ободонлаштириш учун маблағ йиғиш мақсадида ташкиллаштирилади. Сайловда қатнашиш учун 1 доллар тўлаш, боз устига ҳар сафар пул тўлаб бир неча марта овоз бериш мумкин. Бу йил сайловдан йиғилган пуллар ёнғиндан талофат кўрган маҳаллий дўкон таъмирига йўналтирилади.

Мавзуга оид