Жамият | 18:11 / 06.07.2017
51830
7 дақиқада ўқилади

Мавзуга қайтиб: Оила бузилишининг сабаби – биз унутаётган ҳақиқатларда яширин

5 июль куни Кун.uz сайти орқали “Акс-садо: «Муносабат»да мавзуга муносабат тўлиқ билдирилмади...” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Ушбу мақолада Қуддус Аъзам муаллифлигидаги “Муносабат” кўрсатувида кўтарилган мавзу – оиладаги ажримлар ва қўшхотинлик ҳақида журналист қарашлари битилган. Ростини айтганда, мақолалари ҳақида ҳамкасбимнинг ўзига “шипшип” қўймоқчи бўлдим, аммо мавзу кўламининг кенглиги ва мақолада муаллиф фикр позициясига кўплар эгалигини инобатга олиб, бу мавзуга ўз муносабатимни кенг омма олдида изҳор этишга журъат этдим.

Мақола ҳақида фикр

Мақола муаллифи оиладаги ажримлар ҳақида берилган кўрсатув ҳақида сўз юритар экан, у ерга ташриф буюрган мутахассислар мавзудан четлашиб кетгани, бунинг устига қўшхотинлик масаласи ҳам суҳбат давомида аралашиб кетгани ҳақида фикр билдиради ва оиладаги ажримларга нима сабаб бўляпти, деган залворли саволга жавоб бериб ўтишга ҳаракат қилган.

Муаллиф ушбу сабабларни келтириб ўтар экан, оилаларнинг ажралишига: 1. Қайнона-келин келишмовчилиги; 2. Тўйга оид можаролар; 3. Айрим аёлларимизнинг бемалол рўзғор тебрата олишлари; 4. Бефарзандлик масаласи сингари омилларни санаб ўтади ва уларга изоҳ беради. Шу билан бирга оиладаги муҳим фигуранинг сустлиги асл иллат сабабчиси эканлиги ҳақида сўз юритмайди. 

Асл иллат қаерда илдиз отмоқда?

Муаллиф ёндашувига биноан эътибор бериб қаралса, оиладаги ажримларга, асосан, аёл бошчилигидаги ҳаракат ва жараёнлар сабаб бўлмоқда. Ва қўрқмасдан айта олиш керак-ки, бундай ҳолатда бу каби нохушликларнинг келиб чиқиши ТАБИИЙ тусга киради. “Тўйда орзу-ҳавасим бор”, деб келин томонга миллионлаб харажат юклаётган бўлажак қайнонага, “ўртоқларим олдида ўзимни кўрсатиб қўяй”, деган бўлажак куёв болага оиланинг боши кимлиги, қарорни фақат у чиқара олиши мумкинлигини эслатиб турувчи эркак – ОТА ҳеч нарса демайдими? Ёки ўзбек оиласида отанинг, эрнинг, ака-уканинг, тоға-амакининг ўрни йўқ бўлиб кетдими? Қайнона-келин келишмовчилиги ҳадеб юзага келаверса, рўзғорнинг тинчи учун ўртага тушиб, ислоҳ қилишга оила бошида куч топилмайдими? 

Энди бу борада ўз позициямни билдирай: Ёш оилаларнинг ажримига иккита энг катта сабаб бор ва улар бир-бирининг ўрнини қоплаб келади. Буларнинг биринчиси – оилада эркакнинг ўрни йўқолиб бораётгани. Қўпол чиқсада айтаман, айрим эркакларнинг ўзи латта-путтага ўч, айрим эркакларнинг ўзи майда гап, айрим эркакларнинг ўзи оиланинг тутумини аёлнинг қўлига бериб қўйган. Индаллосини гапирганда, ўзбек оиласида эркак қарори ила иш қилинмаслиги ва бу қарор эркакча чиқарилмаслиги оқибатида ажримлар юзага келади.

Оилада эркакнинг ўрни деганда оиласига бақириб-чақирадиган, гапига кирмаса, уриб-калтаклайдиган, адолатсизлик қиладиган, керак бўлса зулм юзага чиқадиган вазиятни тушунмаслик керак. Буюк олимларимиз, адибларимиз томонидан ёзиб қолдирилган асарларда оила қандай барпо қилингани ва унда ҳар кимнинг ўз ўрни бор эканлиги ҳақида жуда кўп сўз юритилган. Буларни билиш учун қўлга китоб олиш керак.

Энг катта нажот

Бизнинг энг катта нажотимиз илм олиш, ҳаётимизга маърифатни сингдиришдир. Оиладаги ажримларга ҳам ва жамиятда учровчи бошқа иллатларни бартараф этишда ҳам илмнинг роли чексиз. Ҳаётда яшашнинг асл моҳиятига тушунган одам учун тўйнинг қанақа ўтиши-ю, мебелнинг қанақаси келгани муҳим эмас. Умргузаронликдан мақсад “одамлар кўриб қўйсин”, деб яшаш эмас. Биз йўлнинг бошидан адашиб кетяпмиз, қоронғуликка тобора кириб боряпмиз. Бунинг учун бизга Президент таъриф бергандек “нур” керак. Нур эса исломий маърифатдадир.

Давлат раҳбари исломий маърифатни ёшлар орасида кенг ёйиш, миллий қадриятларимизни улар онгига янада сингдириш ва бу орқали уларда соф маънавий тушунчаларни пайдо қилиш зарурлигини таъкидлади. Мана шу ислоҳотда гап катта. Яна бир бор қайтаришдан чарчамайман – агар биз илмни, маърифатни барча нарсадан устун қўймас эканмиз, инсон бўлиб дунёга келиб, нима учун туғилганимиз ҳақида мутассил тафаккур қилмас эканмиз, иймонимиз остига ҳар куни сув қўйиб турмас эканмиз, айтиш мумкинки, олдимизга қўйган мақсадларимизга, кучли давлат қуриш каби улкан ниятимизга, жамиятимиз фаровонлигига етишимиз қийин кечади, вақт, зеҳн ва куч ортиқ зое кетади.

Ажримдан сўнг

Мақола муаллифи ажримдан сўнгги ҳолатлар ҳақида сўз юритар экан, шундай фикр билдиради: “Судларимиз бир оилани ажратишда аксарият ҳолларда фарзанд(лар)ни она билан қолдиришга ажрим чиқаради. Мана шу амалиётни қонун доирасида ўзгартириш керак. Чунки бир ёки икки нафар фарзанд билан ажрашган ёш жувон қайта оила қуришда жуда-жуда қийналади, чунки болалари жувонга талабгор ҳар доим ҳам чиқавермайди, бировнинг боласини боқишни ҳамма ҳам истайвермайди. Аксарият ҳолатда уларнинг собиқ эрининг мулки, ўз номида турар жойи бўлмайди. Ажралишдан сўнг келинчак ҳеч вақосиз қолиб кетади”.

Гулдек оиласи бузилиб, руҳий босим ва маънавий инқирозга тушган аёлдан боласини тортиб олиш ва уни ўз хоҳишига қарши эр томонга бериш аёлга қилинадиган золимлик, деб ўйлайман. Аёл боласи билан тирик, боласи билан ҳаёт. Қанчадан қанча бузилган оилаларнинг аёли боласи учун яшаётгани, шулар учун янги режалар тузиб, ширин орзу-ҳавасда умр кечираётганини кўрдик. 

Иккинчидан, “боласи бор экан, дардисарни нима қиламан”, деган фикрга эга эркак йўлбошидан янглишган кишидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “амаллар ниятга боғлиқ”, дея лутф қилганлар. Ниятни тўғри қўймаган, енгиллик илинжида бўлган, кераксиз орзу-ҳавасларга берилган, олдинги оиласидан нега ажрашгани ҳақида фикр юритмаган ва ўзига хулоса чиқармаган эркак эртага ота ва қайнота мавқега етишса, унда нима бўлади? Яна бир оила ота ёки қайнота маслаҳати берилиб, сақлаб қолиниш ўрнига, эътиборсизлик, илмсизлик ва масъулиятсизлик натижасида таназзулга юз тутади.

Муаммоларнинг асл илдизини топиб, илмли ва оқил кишилар ёрдамида ислоҳ этиш бугунги кун талабидир. Бу борада кучли-кучли олимларга, асарларга, кўрсатув ва эшиттиришларга, амалий ҳаракатларга эҳтиёжимиз бор.

Сарвар Анвар ўғли,
журналист

Мавзуга оид