Жамият | 18:54 / 08.07.2017
22706
2 дақиқада ўқилади

Саратон касаллигига қарши вакцина муваффақиятли синовдан ўтказилди

Фото:median.az

Бутун дунёдаги мутахассислар саратон (рак) касалига қарши дорини кеча ёки бугундан буён ахтараётгани йўқ, албатта. Nature журналининг хабарига кўра, бироз аввалроқ АҚШдаги бир гуруҳ олимлар йилига юз минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритувчи бу хавфли касалликни енгувчи индивидуал вакциналар синовини муваффақиятли якунлашган, деб ёзади Hi-news.ru

АҚШнинг турли бурчакларидан келган, хусусан, Дана-Фербердаги саратон тадқиқотлари институти, Ҳарвард медицина мактаби ва Бриҳэм шифохонаси тадқиқотчилари гуруҳи инсон меланомаси ўсимта аксилгенига қарши персоналлаштирилган вакцинанинг клиник синовларини якунлашди.

Меланома — муқаррар ўлимга элтувчи хавфли шишга айланиш даражаси жуда юқори бўлган инсон организмининг ўсимтаси ҳисобланади. Ҳужайралар бўлинишига тўсқинлик қилиб, уларнинг аномал каттаришига сабаб бўлувчи генетик мутациялар меланоманинг ривожланиш омилларидан бири ҳисобланади. Меланомани фақат иммунотерапия — беморнинг организимидаги саратон ҳужайраларига моноклонал аксилтаначалар киритиш билан даволаб бўлади. Бироқ АҚШлик мутахассислар изланишда давом этиб, ўсимта ҳужайраларига қарши курашувчи персонал вакцина яратишди. У муайян инсоннинг муайян ўсимтага қарши иммунитетини шакллантиришга ёрдам беради. 

Ҳар бир вакцина тадқиқотнинг ҳар бир иштирокчисига қараб индивидуал тарзда ишлаб чиқилган. Клиник тадқиқотлар серияси давомида ҳар бир беморнинг ўсимтаси геномини текшириб турилган ва фақатгина унга хос бўлган мутацияларни аниқлаб, унга индивидуал вакцина тайёрлаб берилган. Тадқиқотда 6 нафар бемор иштирок этган. Вакцинациядан сўнг синалаётганларнинг 4 нафарида 25 ой мобайнида рецидив (касалликнинг кучайиши) кузатилмаган, икки нафарида эса ўсимтанинг тўлиқ сўрилиб кетиши, ўсимтанинг аксилгенларига хос Т-ҳужайралар сонининг ўсганлиги кузатилган. 

Мавзуга оид