Жаҳон | 17:45 / 20.07.2017
10813
2 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари Қатарга талаблар рўйхатига ойдинлик киритди

Фото: Reuters

БАА, Саудия Арабистони, Миср ва Баҳрайн дипломатларининг маълум қилишича, Қатар билан боғлиқ вазиятдаги исталган воситачилик олти талабдан иборат рўйхатга асосланган бўлиши керак. Бу ҳақда Амирликларнинг WAM ахборот агентлиги хабар қилмоқда.

Араб давлатлари ТИВ раҳбарлари рўйхатни Қоҳирада 5 июль кунги учрашувда тасдиқлашди. 

Дипломатларнинг Нью-Йоркдаги қўшма матбуот анжуманида маълум қилишларича, рўйхат “экстремизм ва терроризмга қарши кураш, фитна ҳамда зўравонликдан воз кечиш, 2013 ва 2014 йили Форс кўрфази араб давлатларининг ҳамкорлик Кенгаши доирасида эришилган келишувлар ҳамда 2017 йилнинг майида Ар-Риёддаги араб-америка саммити якунларини бажаришни” ўз ичига олади.

Бундан ташқари, “ички ишларга аралашмаслик ва ноқонуний тузилмаларни қўллаб-қувватлашдан воз кечиш” ҳамда “халқаро ҳамжамиятнинг терроризм ва экстремизм билан кураш бўйича масъулияти принципи” ҳам тилга олинган.

Шу билан бирга, дипломатларнинг таъкидлашича, Доҳа июнь ойида илгари сурилган бирламчи талабларни бажариш учун ҳеч қандай жиддий қадамларни қўймади.

Аввалроқ Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатарга нисбатан талаблари рўйхатини қисқартиргани ва уларни аниқ муддат белгиланмагани ҳолда бажаришга чақирганликлари хабар қилинганди. Янги рўйхатда Al Jazeera телеканалининг ёпилиши, амирликдан “муаммоли” кишиларни чиқариб юбориш каби талаблар йўқ.

Мавзуга оид