Ўзбекистон | 20:00 / 31.07.2017
41278
2 дақиқада ўқилади

Ҳотамбек Шокиров Тошкент туманига ҳоким бўлди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Зангиота тумани таркибидан ажратилиб, янгидан ташкил этилган Тошкент туманига янги ҳоким тайинланди. «Кун» манбаси маълумотига кўра, Давлат солиқ кўмитаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилган Ҳотамбек Шокиров янги туманнинг янги ҳокими бўлди.

Ҳотамбек Шокиров (1970 йили туғилган) 2015 йил мартидан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. У солиқ органлари тизимидаги фаолиятини 1999 йилда бошлаган.

Президентнинг Тошкент вилоятига сафари давомида Зангиота тумани ҳудуди кенгайиб кетиши ортидан уни бошқариш қийинлашгани туфайли, ундан Тошкент тумани ажратиб олинганди. Тошкент тумани 2010 йили Олий Мажлис Сенати қарори билан Зангиота туманига қўшиб юборилган.

Эндиликда, Тошкент вилоятида Зангиота ва Тошкент туманлари мавжуд, бу туманлар марказлари мос равишда Эшонгузар ва Келес ҳисобланади.

Бундан аввалроқ «Агробанк»нинг собиқ раиси Абдуваҳоб Тамекаев Зангиота туманига ҳоким этиб тайинланганди. У 2016 йил февралидан буён туманга ҳокимлик қилиб келган Саъди Шерматов ўрнини эгаллади.

Мавзуга оид