Жаҳон | 00:45 / 05.08.2017
12383
2 дақиқада ўқилади

WannaCry вирусини тўхтата олган дастурчи вирус яратишда айбланмоқда

Фото: СС0 Public Domain

Федерал қидирувлар бюроси WannaCry таъмагир-вирусини бир ўзи тўхтата олган ва 3 августда ҳибсга олинган дастурчи Маркус Хатчинсни нимада айблаётгани маълум бўлди. 

Висконсин штати туман судида айтилишича, Буюк Британия фуқароси бўлган 22 ёшли Хатчинс Kronos деб номланган банк троянини яратишда айбланмоқда. Бу вирус банк онлайн-операциялари ва кредит карталардаги маълумотни ўғирлаш учун қўлланган. 

АҚШ ҳукуматининг таъкидлашича, дастурчи ушбу дастурни шахсий фойда кўриш мақсадида реклама қилган ва сотган. Kronos вируси мутахассислар томондан илк бор 2014 йил июлда аниқланган.  

АҚШ ҳукумати вакилининг айтишича, Хатчинсга қўйилаётган айбловлар WannaCry вируси тарқалишига алоқадор эмас.

Бу ишда яна бир гумонланувчи бор, бироқ у озодликда эканлиги ёки қўлга олингани маълум қилинмаган.

Хатчинс Лас-Вегасда ушланганди. У Kryptos Logic компанияси ходими ҳисобланади. У тасодифан WannaCry вируси тарқалишини тўхтата олгандан кейин машҳур бўлиб кетган.

Мавзуга оид