Жаҳон | 16:10 / 06.08.2017
17194
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Саудия Арабистони тахти ворисига суиқасд ҳақида хабар топди

Фото: epa/vostock-photo

Жидда шаҳрида Саудия Арабистонининг янги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ҳаётига суиқасд уюштирилган. Бу ҳақда араб нашрларидаги хабарларга асосланган ҳолда Эрондаги FARS агентлиги хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, валиаҳд ҳаётига саудиялик шаҳзодалардан бири суиқасд қилган. Муҳаммад ибн Салмонга шикаст етмаган, уни ўлдирмоқчи бўлган шаҳзода ҳибсга олинган.

FARS агентлигида қайд этилишича, Муҳаммад ибн Салмоннинг кейинги қарорлари, шунингдек, ўз рақобатчиларидан ўч олишга бўлган ҳаракатлари бошқа шаҳзодалар ўртасида норозилик келтириб чиқармоқда.

Маҳаллий нашрларда ёзилишича, Саудия Арабистони қироли Салмон яқин 5 ой ичида ўз ўғли фойдаси учун тахтдан воз кечиши мумкин. Яқин вақтлар ичида у Марокашга таътилни ўтказиш учун йўл олади, у йўқлигида эса Муҳаммад ибн Салмон мамлакатни бошқаради.

Муҳаммад ибн Салмон 21 июнь куни унинг отаси Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд валиаҳдни ўзгартириш ҳақидаги фармонни имзолагандан сўнг валиаҳд шаҳзодага айланганди: жияни Муҳаммад ибн Ноиф ўрнига қиролнинг 31 ёшли ўғли тахт вориси, деб эълон қилинганди. Муҳаммад ибн Ноиф ички ишлар вазири лавозимидан ҳам мосуво бўлди, Муҳаммад ибн Салмон эса мудофаа вазири лавозими ва ҳукуматда бош вазир ўринбосарлигини сақлаб қолди.

Муҳаммад ибн Ноиф айни вақтда уй қамоғида сақланмоқда. Валиаҳд мақомидан айрилгач, у ҳеч қаерга чиқа олмайди ва ҳеч ким билан телефон орқали мулоқот қила олмайди.

Айрим манбаларга кўра, унинг тахт ворислигидан четлатилишига гиёҳванд бўлиб қолгани сабаб эди.

Мавзуга оид