Жаҳон | 17:10 / 07.08.2017
27724
2 дақиқада ўқилади

Абрамович Жукова билан ажрашди

Фото: Getty Images

Миллиардер Роман Абрамович ва Дарья Жукова ажрашишга қарор қилди. Page Six (New York Post газетаси иловаси) хабарига кўра, икки томон келишган ҳолда ажрашишга қарор қилган.

Икки фарзандли бу жуфтлик тинч йўл билан ажрашган.

«Биргаликда ўтган 10 йиллик ҳаётдан кейин биз иккимиз қийин қарор қабул қилдик (...), лекин биз дўстликни сақлаб қоламиз, биргаликдаги лойиҳаларимизда ҳамкорликни давом эттирамиз», — дея қайд этилган уларнинг қўшма баёнотида.

Айни вақтда 50 ёшда бўлган Абрамович учун 36 ёшли Жукова билан никоҳ ҳисоб бўйича учинчисидир. Унинг жами 7 фарзанди бор, улардан беш нафари — иккинчи никоҳидан. Абрамович Россиянинг энг бадавлат кишиларидан биридир, унинг бойлиги 9,1 миллиард долларга баҳоланган.

Абрамович ва Жукова 2005 йилда танишган, 2007 йил Абрамович ўзининг 16 йил бирга турмуш қурган иккинчи хотини Ирина Маландина билан ажрашгач, Жукова билан турмуш қурганди. Абрамович ва Жукованинг икки фарзанди бор —  2009 йилда туғилган Аарон Александр ва 2013 йил дунёга келган Лея.

Дарья Жукова Москвадаги «Гараж» замонавий санъат музейи асосчиси ҳисобланади, у шунингдек кийим ишлаб чиқарувчи Kova & T компаниясининг асосчиларидан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид