Жамият | 12:40 / 12.08.2017
76219
5 дақиқада ўқилади

Куёвжўраларми ёки “замонавий ўғрилар?”

Айрим “замонавий” ортиқча одатларни қисқартириш ҳамон қийинчилик билан кечаётир. Масалан, келинни олиб келиш учун йўл олган  “карвон” машиналар кортежидаги автомобиллар сони 10-15 тадан камайгани  йўқ. Боз устига, кортеж энг охирги русумдаги ва бир хил рангдаги енгил машиналар бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 20-30 нафардан ошадиган куёвжўраларнинг хурмача  қилиқлари эса асабга тегмоқда.

Яқинда бир  қариндошимиз тўй қилди – қизини Боёвут шаҳарчасидаги хонадонлардан бирига узатди. Эртасига хотин-халаж, бола-бақра тўлиб-тошган ҳовлига карнай-сурнай, доира садолари остида куёв ва унинг жўралари кириб келишди. Дастурхон безатилган  меҳмонхона остонасига куёвнинг қадамлари остига поёндоз тўшалди. Пояндоз талашган  йигитларнинг қийқириқларидан уй ларзага  келди. 

Куёвжўраларнинг хурмати жойига  қўйиб, кузатилди. Улар ҳовлидан чиққунларича бечора қариндошу қўшнилар, айниқса янгаларда тиним, ҳаловат бўлмади. Ахир, куёвни пайғамбарлар ҳам сийлаган, бирор нарсадан диллари оғримасин, деб куёвжўрларнинг барча “қилиқлари”га тишни тишга  қўйиб  чидаб туришди.

Хуллас  тўй бекаму кўст ўтди, қиз узатилди. Аммо бир нохуш ҳолат хонадон  соҳибларининг қувончларига бироз соя солди, яъни оила бошлиғининг қўл телефони йўқолибди. Ота бояқиш телефонини қувватлантириш учун ўғлига берган экан. Барча хоналар банд, кирди-чиқди кўп бўлгани учун у отасининг телефонини ўша бўш хонадаги розеткага токка улаб қўйгану унутган экан.

Беихтиёр  тинмай  қийқириб, ер тепиниб рақсга тушаётган,  пўрим кийинган  йигитлар ёдимга тушдию “Наҳотки” дедим…

Аммам қизини қўшни вилоятга узатди. У ердан келган куёвжўралар иззату икром билан кутиб олиниб, рисоладагидек сийланди. Меҳмоннавозлик тугади, куёвжўралар кузатилгач, уй соҳибаси келиб қараса, жавон ва  сандиқлардаги буюмлар йўқ. У дарҳол  куёвжўралар жойлашиб ўтириб олган автобус ва енгил машиналар томон  югурган. Нима кор-ҳол юз берганидан  хабардор бўлган автобус ҳайдовчисининг қони қайнади: “Еб-ичдиларинг,  ҳурматларингни билсаларинг бўлмайдими? Шу ишни  қилгани уялмадингларми, қани туш ҳамманг, машинадан!”

Аёлларнинг зардаси,  эркакларнинг дўқ-пўписалари кучайгач, “ҳазилкаш” йигитлар ўз айбларини тан олдилар, бири белига боғлаб олган, бири машина ўриндиғи тагига тиқиб қўйган матоларни бир-бир  чиқариб, уй эгасига бердилар.  Улардан айримлари бу  қилмишларидан уялди, баъзилари эса гўё ҳеч нарса бўлмагандай пинакларини ҳам бузмади. “Куёв томонда одат шунақа эмиш!”

Бу ҳодисалар юрагимга тошдай  чўкиб, хаёлимни банд этиб юрган кезларда мактабдаги бир ҳамкасбим шу мавзуда гап очиб  қолди.

– Катта опам қизини турмушга бераётган эди. Одатдагидек ҳовлига карнай-сурнайлар садолари остида куёвжўралар шовқин билан  кириб  келишди. Улар тўкин  дастурхон безатилган хонага таклиф этилди. Қариндошларимиз югуриб-елиб хизмат  қилишар, айтилган нарсаларни муҳайё  қилишарди. Бир маҳал меҳмонлар ўтирган хонадан ғала-ғовур аралаш, идишларнинг  синган товушлари эшитилди.  Шоша-пиша эшикни очган аёллар ҳангу манг бўлиб қолишибди. Куёвжўралардан 5-6 нафари бўшаган чинни идишларни кўрпача остига қўйиб, оёқлари билан  босиб синдиришаётган экан. Тоқатлари тоқ бўлган аммаю холаларим куёвжўраларга қаттиқ-қаттиқ гапиришди.

– Биз томонда одат ўзи шунақа, куёвжўралар идишларни синдирадилар, – дея ўз қилмишини оқламоқчи бўларди йигитлар.

Бу қандай одат бўлди? Тўқликка шўхликми ёки қадриятларимизни оёқости  қилишми?  Бу каби ҳолатлар ўзгалар меҳнатини қадрламасликдан ташқари, қудалар орасида ҳурматсизлик, кўнгилхиралик пайдо бўлишига сабаб бўлиб  қолмайдими? Келин тараф куёв томонни хафа  қилиб  қўймаслик, орага совуқчилик тушмаслиги учун баъзан бундай воқеаларга индамай  чидашар. Лекин андишанинг ҳам  чегараси бор-ку.

Нима бўлганда ҳам бу иллатнинг илдизи маънавий қашшоқликка бориб тақалади. Тўғри, тарбияли, илмли йигитлар бу ишни  қилишмайди, ўз ҳурматларини билишади. Лекин ёнидаги ўртоғи номаъқул иш  қилаётганига наҳотки индамай қараб турса?

Ҳозирча онда-сонда учраётган бу каби иллатларнинг олдини олиб, уларнинг илдиз отиб кетишига йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиз саналади.

Шуҳрат ҲАКИМОВ,
Боёвут туманидаги 14-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси

Мавзуга оид