Жаҳон | 12:40 / 19.08.2017
6619
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла собиқ бош прокурори мамлакатдан чиқиб кетди

Венесуэлада катта мунозарага сабаб бўлган янгиланган олий орган мамлакат Бош прокурори Луиса Ортегани ​ишдан бўшатгач, у​ жума куни оқшомда Колумбияга учиб кетди. Унинг айтишича, март ойи сўнгги кунларида мамлакат президенти Николас Мадурога қарши чиқиш ва ўтган вақт мобайнида ҳақиқат учун курашиш самарасиз якунланди.

Ортега янгидан тузилган ҳукумат аъзолари унинг жонига хавф етказишидан қўрққани учун Богота шаҳрида вақтинча яшаб туришини билдирди. Олий мақомда илк йиғилишини 5 август куни ўтказган Ассамблея биринчи масаладаёқ Луиса Ортегани лавозимдан бўшатишга қарор қилди. Лекин 59 ёшли Бош прокурорнинг истеъфосини маҳаллий юридик орган вакиллари тан олмаган.

Унинг вазифасини собиқ Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Торик Сааб бажармоқда.

«Луиса ва унинг депутат турмуш ўртоғи Багама оролларидаги банкларда миллионлаб маблағларни жамғарди. Улар мамлакатда порахўрликни ривожлантирди, жиноий тўдалар билан тил бириктириб иш кўрди», деган у.

Айни пайтда Колумбия ҳукумати Мадуро юритаётган сиёсатни қаттиқ танқид остига олган Лотин Америкасининг ягона давлати ҳисобланади.

Мавзуга оид