Жаҳон | 00:02 / 21.08.2017
7430
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған Ғарбнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини танқид остига олди

Фото:aa.com.tr

Туркия миллий хавфсизликка таҳдидларга қатъий тарзда ва учинчи давлатлар позицияси қандайлигидан қатъий назар муносабат билдиради, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда.  

Унинг айтишича, охирги вақтда Туркия ва Ғарб давлатларининг турли, жумладан террорчиликка қарши кураш билан боғлиқ масалалар бўйича позициялари жиддий равишда тарқоқлашган.  

“Ўз вақтида Туркия ИШИД жангарилари ҳужумига учраганда, гўёки террорчиликка қарши фаол курашаётган бир қатор давлатлар давлатимизга қарши таҳдидларни эътиборга олмасликни афзал кўришди. Анқара террорчилар тўдасига якка ўзи қарши туришига тўғри келди. Шунгача бордики, Туркияга Сурия ва Ироққа ўтишга уринаётган ёлланма жангариларга қарши курашиш учун зарур бўлган разведка маълумотларини бериш рад этилди”, деб айтди Эрдўған.    
  
Унинг таъкидлашича, Туркия армиясининг Сурия шимолида ўтказган “Фрот қалқони” операцияси давомида эришган муваффақияти минтақада ғарб давлатлари олиб бораётган ўйинларнинг моҳиятини ошкор қилди. “Масала ИШИД жангариларига қарши курашишдан эмас, балки минтақа харитасини ўзгартиришдан иборат. Улар буни очиқчасига тан олишолмайди ва шу сабабли бир қатор террорчилик ташкилотлари кўмагида турли “лойиҳалар”ни амалга оширишни давом эттирмоқдалар”, деб қайд қилиб ўтди Эрдўған.  

Эрдўғаннинг айтишича, ўзини Туркиянинг дўсти деб атовчи давлатлар бир террорчилик ташкилотининг жангарилари ўзини Курдистон ишчи партияси, PYD, YPG ва Сурия демократик кучлари деб атаб, қиёфасини ўзгартиришини яхши англайдилар.  

“Сурия ва Ироқда кучларнинг тақсимланиши харитасини таҳлил қиладиган исталган киши минтақада амалга оширилаётган ўйинлар моҳиятини англайди. Туркия хавфсизлик кучлари Туркияда ҳаракат қилувчи террорчилардан Сурия ва Ироққа ИШИДга қарши кураш баҳонасида етказиладиган қуролни қўлга киритмоқдалар”, деб айтган Туркия президенти ва Анқара юқорида номи тилга олинган террорчилик ташкилотлари жангарилари қайси давлатлар қуроллари билан қуролланганларидан яхши хабардор эканлигини қўшимча қилган.    

Эрдўған ғарб давлатлари “мушакларни ўйнатиш” эртами-кечми якунланишини ва кўплаб ўйинчилар минтақани тарк этишини, Туркия эса минтақадаги террорчилик тузилмалари билан курашишига тўғри келишини англашлари кераклигини айтган. 

Эрдўған Европа давлатларидаги сайлов кампанияларида Туркияга қарши нутқларга йўл қўйиб бўлмаслигига ишора қилди. “Аминманки, турк диаспораси ватанларидаги дўстлари билан бирга бўлишлари керак. Фикримча, Туркия ички ишларига аралашишга уринган европалик сиёсатчилар ва партиялар ўз давлатларидаги сайловлар кунида жавоб олишлари лозим. Шунинг учун мен Германиядаги турк жамоасига Анқарага нисбатан адоват нуқтаи назаридан чиқувчи сиёсий кучларни қўллаб-қувватлашдан бош тортишларини сўраб мурожаат қилмоқдаман”, деб ўз сўзларини якунлаган Эрдўған. 

Мавзуга оид