Жаҳон | 21:20 / 28.08.2017
6581
3 дақиқада ўқилади

“Харви” довули олиб келган тошқинлардан кўрилган зарар 30 млрд долларга баҳоланди

Фото: Reuters

“Харви” тропик довули ортидан юз берган тошқинлар АҚШ ҳукуматига бир неча ўн миллиард долларга айланиши мумкин. Бу ҳақда мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Жумладан, Enki Research компанияси мутахассиси Чак Уотсон зиёнлар ҳисоб-китоб қилингандан кейин “Харви” ва у олиб келган тошқинлар Техас энергия тизими, штат йўллари ва энергетика соҳасидаги корхоналарга етказган зиён 30 млрд доллардан ошиши мумкинлигини айтди. 

Агар Enki Research’нинг ҳисоб-китоблари тўғри чиқса, унда “Харви” етказган зиёни бўйича нафақат АҚШдаги энг вайронкор тўфонлар ўнталигига киради, балки АҚШ ҳудудига ёпирилган энг вайронкор тропик довул бўлади. Бундай довуллар биринчи навбатда кучли шамол билан эмас, балки ўзи билан олиб келадиган сув миқдори билан хавфлидир.

“Бу довул ўзгачадир. “Эндрю” ёки “Катрина” каби тўфонлар шамол ва тўлқинлар билан зиён етказган. Тропик довуллар эса кучли ёмғирлар билан кечиши мумкин. 2001 йилда “Элисон” довули Хьюстон ва унинг ён-атрофидаги ҳудудларга 12 млрд долларлик зиён келтирганди. Ҳанузгача бу миқдор рекорд кўрсактич ҳисобланиб келинарди. “Харви” билан барчаси аниқ ёмонроқ кўринишда”, деб айтилган Enki Research’нинг Facebook’даги саҳифасида.

Суғурта  ахбороти институти мутахассислари “Харви” сабабли юзага келган тошқинлардан кўрилган зиён 2005 йилда Луизиана ва Миссисипига “Катрина” тўфони ортидан келган тошқинлар олиб келган зиёндан кам бўлмаслигини тахмин қилишмоқда. “Катрина” тўфони АҚШ тарихида энг вайронкор табиий офат ҳисобланади.

“Катрина”дан кўрилган зарар турли ҳисоб-китобларга кўра 120 млрд доллардан 160 млрд долларгачани ташкил қилади. Ўшанда йўқотишларга асосан кучли шамол сабаб бўлган. Тошқинлар оқибатида кўрилган зарар эса 15 млрд долларга баҳоланган.

“Харви” етказган зиённинг катта қисмини суғурта компаниялари тўловлари билан қоплаб бўлмаслик жиддий муаммо ҳисобланмоқда. Уотсоннинг фикрича, суғурта тўловлари кўрилган зиённинг 27 фоизини қоплайди. Ваҳоланки, “Катрина”дан кейин суғуртачилар зиённинг ярмига яқинини қоплаб беришган. 

Мавзуга оид